Садир Жапаров Асқар Акаевнинг Қирғизистон президенти лавозимида йўл қўйган учта асосий хатосини айтиб ўтди

Садир Жапаров. kabar.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига берган навбатдаги интервьюсида Асқар Акаевнинг давлат раҳбари сифатидаги йўл қўйган учта асосий хатосини айтиб ўтди.

Биринчидан, Акаев хусусийлаштириш дастури боришини назорат қила олмаган. Натижада «ҳокимиятдаги очкўз амалдорлар халқ мулкини талон-тарож қилганлар. Улар ишлаб турган заводларни вайрон қилишган ва ускуналарини чет элга сотишган».

Иккинчидан, Акаев даврида қишлоқ хўжалиги барбод бўлган. Бунда у соҳа раҳбарлигини уқувсиз одамга ишониб топширгани учун айбдор.

«Қишлоқ хўжалиги масаласида Ақаевнинг айби йўқ. Чунки Ақаев агроном эмас, олим. Қишлоқ хўжалигини вайрон қилишда ноқобил демагог вазирни айблашимиз мумкин. У ерга марҳум Жумгалбек Аманбаевдек кучли вазирни тайинлаш керак эди. Асқар Акаевич кадрлар танлашда хатога йўл қўйди», — деб тушунтирди Жапаров.

Президент демагог вазир номини айтмаган. Акаев даврида Қишлоқ хўжалиги вазирлигини, хусусан, Бекболот Талгарбеков (1993-1996), Каримшер Абдимомунов (1996-1997), Александр Костюк (2000-2005) бошқарган.

Жапаровга кўра Акаевнинг учинчи ва энг муҳим хатосиҚирғизистон биринчи президентининг ўз лавозимини тарк этишни хоҳламаганидадир: «10 йиллик бошқарувдан сўнг у кетишга мажбур бўлди».

Жапаровнинг тушунтиришича, инсон қанчалар бебаҳо бўлмасин, одамлар узоқ вақт давомида биргина сиёсатчини кўришдан чарчайди.

«Шунинг учун ҳам бутун дунёда президентлар бир муддатга 7 йилга ёки 4-5 йиллик икки муддатга сайланишига оид қоида бор. Бу қоида тасодифан киритилмаган. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бир инсон узоқ вақт президент бўлиб қолмаслиги керак», — дейди Жапаров.

Унинг қўшимча қилишича, агар Асқар Акаев ўз вақтида кетиб, вазиятни халқнинг уни ҳайдаб юбориши даражага келтирмаганида эди, унинг портрети президент администрациясининг янги биноси «Ынтымак Ордо» нинг таниқли шахслар ва давлат арбоблари галереясидан ўрин олган бўлар эди.

«Кеча Жогорку Кенеш Акаевга собиқ президент мақомини беришдан бош тортди. Шунинг учун биз ҳаммамиз ўтмишдан сабоқ олишимиз ва озчилик кўпчиликка бўйсуниши керак. Агар 99 та яхшилик қилсангиз ва битта хато қилсангиз, одамлар сизни кечирмайди. Инсон табиати шунақа. Яхшилик тез унутилади, ёмонлик эса ҳеч қачон унутилмайди»,— деди Жапаров.

ℹ️ Асқар Акаев Қирғизистонни мустақилликнинг илк йилларидан 2005 йилгача бошқарган. Мамлакатда инқилоб юз бериб, Қурманбек Бакиев ҳокимиятга келгач, собиқ президент ва унинг оила аъзолари Россияга қочиб кетади. Москвада у илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланган. Шу йилнинг сентябрь ойи бошида Ақаев Қирғизистон ҳукуматига унга собиқ президент мақомини қайтаришни сўраб мактуб йўллаган эди. Жапаровнинг фикрича, 80 ёшли Ақаевни собиқ давлат раҳбарларига бериладиган юқори пенсия, хавфсизлик ва бошқа имтиёзлар эмас, балки шу мақомда тарихда қолиш истаги қизиқтиради. 25 сентябрь куни депутатлар Асқар Акаев илтимосини рад этишди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди