Афғонистон халқаро молиялаштириш камайиб бораётгани сабаб гуманитар инқирозни бошидан кечирмоқда. Вазият ҳокимият тепасида турган радикал «Толибон»* ҳаракати томонидан олиб борилаётган сиёсат туфайли янада кескинлашмоқда. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили Роза Отунбаева Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилди, дейилади ташкилот сайтида.
Отунбаеванинг таъкидлашича, толиблар ўнлаб йиллар давомида бўлмаган барқарорлик даврини таъминлаган, бироқ улар аҳоли эҳтиёжларига етарлича эътибор бермаяпти ва унинг иқтисодий салоҳиятига путур етказмоқда.
БМТ вакилининг сўзларига кўра, Афғонистон ҳукуматига 3 миллиард доллар ажратишни назарда тутувчи ҳозирги гуманитар ёрдам режаси атиги 30% га молиялаштирилган. Бундан ташқари, зарур маблағлар йил охиригача ўз манзилига етиб боришига кафолат йўқ.
Расмийнинг қўшимча қилишича, жорий йили маблағ етишмаслиги сабабли 200 дан ортиқ кўчма ва стационар тиббиёт муассасалари ёпилган, яна 171 та тиббий хизмат кўрсатиш пункти яқин ойларда фаолиятини тўхтатади.
Одамлар очликдан азият чекаётган ҳудудларда озиқ-овқат рациони икки баробарга камайган. Мамлакатнинг бир неча миллион аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.
«Афғонистонда ёш аҳолининг тез ўсиб бораётгани, унинг эҳтиёжларини иқтисодиёт қондиролмаётгани ва ёрдам кўрсатишни истамаётган халқаро донорларни ҳисобга олсак, гуманитар инқироз тез орада ривожланиш инқирозига айланади», — деди Отунбаева.
Унинг фикрича, Афғонистон толиблар сиёсати туфайли халқаро ҳамжамият томонидан четлаштирилмоқда, улар мамлакат аҳолисига қизлар ва аёлларни камситувчи шариат талқинини тадбиқ этишмоқда.
Шу нуқтаи назардан «БМТ- хотин-қизлар» тизимининг бошлиғи Сима Бахус Хавфсизлик кенгаши ташкилоти аъзоларига «Толибон»нинг янги қонунларини гапириб берди. Ушбу меъёрларга кўра, афғон аёлларидан уйдан чиқаётганда юзлари ва баданларини тўлиқ ёпиш талаб қилинади, уларга кўчада қўшиқ айтиш ва гаплашиш, шунингдек, қариндоши бўлмаган эркакларга қараш тақиқланади.
«Афғон аёллари нафақат бу репрессив қонунлардан, балки уларнинг ўзбошимчалик билан амалга оширилишидан ҳам қўрқишади. Бундай шароитда ҳаёт чиндан ҳам дўзахга айланади», — дея хулоса қилади Бахус.
Якунда сўзга чиққанлар Хавфсизлик кенгашини сиёсий ирода ва ресурсларни Афғонистон аҳолисини қўллаб-қувватлашга йўналтиришга, асосий эътиборни аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратишга чақирди.