Қирғизистонда фарзандларини қаровсиз қолдирган мигрант ота-оналарни жаримага тортиш таклиф қилинди

e-cis.info сайти фотосурати

Қирғизистон Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги фарзандларини 15 кундан ортиқ вақт давомида тегишли назоратсиз қолдирган ота-оналар ёки васийларни жарима тортишни таклиф қилди. Тегишли тузатишларни ўз ичига олган қонун лойиҳасига кўра, жаримаси миқдори 150 ҳисоб-китоб кўрсатгичи — 15 минг сомни (178 доллар) ташкил этади.

Жумладан, Меҳнат вазирлиги Жиноят кодексининг 102-моддасига («Ота-оналик мажбуриятларидан бўйин товлаш») қўшимча бандни киритиш ташаббуси билан чиқди: «Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг болаларни тарбиялаш бўйича мажбуриятларини бажармаган ҳолда васийлик органини хабардор қилмасдан болаларни 15 кундан ортиқ муддатга ташлаб кетиши, — жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади».

Бу қоида, биринчи навбатда, чет элда ишлайдиган фуқароларга таъсир қилиши турган гап. Шу муносабат билан расмийлар Болалар кодексига «меҳнат мигрантларининг болалари» тушунчасини киритишни таклиф қилмоқдалар. Қонун лойиҳасини асослаш далолатномасида қайд этилишича, давлат ҳимояси кафолатларини кучайтириш мақсадида вояга етмаганларнинг мазкур гуруҳи алоҳида урғуланган.

Вазирликнинг таъкидлашича, жорий йил биринчи чорагида уйма-уй юриб ўтказилган сўров натижаларига кўра, 84542 нафар меҳнат мигрантлари фарзандлари аниқланган. Бундан ташқари, уларнинг 42 648 нафари, яъни 50 фоиздан сал кўпроғи расмий васийликсиз қариндошлари билан бирга яшаётган бўлган.

«Де-юре, қариндошлар болаларнинг келажак ҳаёти учун жавобгар эмас. Меҳнат мигрантлари фарзандлари оилавий муҳитда бўлишига қарамай, ота-она меҳри ва ғамхўрлигининг йўқлиги туфайли психологик ва руҳий стрессни бошдан кечираётган ҳолатлар ҳам учраб турибди», — дейилади Меҳнат вазирлигининг қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида.

Бундан ташқари, ўзгалар қарамоғида қолган болаларнинг мактабга бормаётгани ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳолатлари қайд этилган. Расмийларга кўра, ота-онаси хорижга ишлашга кетган вояга етмаганларнинг мақоми қонун билан белгиланмагани боис, бундай болаларни давлат томонидан тўлиқ таъминлашнинг имкони йўқ. Бу янги қонунлар нақадар долзарб эканини англатади.

Қонун лойиҳаси 11 октабргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди