Қирғизистон президенти амалдорлар маошини 2026 йилгача оширмасликка доир фармонни имзолади

САДИР ЖАПАРОВ. AKIPRESS.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат хизматчилари маошини 2024 йилдан 2026 йилгача оширишни тақиқловчи фармонни имзолади. Ҳужжат «Эркин Тоо» ҳукумат газетасида эълон қилинди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари бундай қарорни республика бюджети харажатларини оптималлаштириш мақсадида қабул қилган.

Фармон билан давлат идоралари, қўмиталари ходимлари, президентнинг жойлардаги ваколатли вакиллари, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларининг иш ҳақини оширишга мораторий жорий этилди.

Бундан ташқари, Жапаров фармонига кўра, 2026 йилгача мамлакатда давлат идоралари штатларини кенгайтириш тақиқланади.

Бироқ, ҳужжат алоҳида ҳолатларда чекловлар олиб ташланиши мумкинлигидан огоҳлантиради. Лекин ҳар қандай бошқарма ходимлари сонига ўзгартиришлар киритиш, мансабдор шахслар маошини ошириш фақат республика раҳбарининг махсус қарори асосида амалга оширилади.

Жапаров 5 сентябрь куни ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажараётган барча ёрдамчи ва маслаҳатчиларни озод қилиш тўғрисида ҳужжатни имзолади. Қайд этилишича, бундай қарор Президент Администрациясини ислоҳ қилиш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш доирасида қабул қилинган.

Маълумки, 2022 йил августидан Қирғизистон расмийларининг маошлари расман оширилганди. Шундай қилиб, вазирликнинг бўлим мудирлари 68 минг сомга яқин (800 доллар), бошқармаларнинг етакчи мутахассислари эса 49 минг сомдан (580 доллар) ортиқ маош ола бошлаганлар. Бу кўрсаткичлар мамлакатда жорий йил биринчи чорагида қайд этилган ўртача 34 минг сомлик (400 доллар) иш ҳақидан анча юқори ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди