Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, РФ собиқ президенти Дмитрий Медведев мавсумий меҳнат мигрантларига оилаларини Россияга олиб келишни тақиқлаш, бошқа ташрифчилар фарзандларини эса рус тилини ўрганишга мажбурлаш ёки мактабга боришига рухсат бермасликни таклиф қилди. Бу ҳақда у ТАСС агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Мана, нима қилиш керак, менимча. Мен мактаб, мигрантлар оиласи, анклавларга нисбатан шу нарса тарафдориман. Албатта, биз у ерда алоҳида урфларни йўқота олмаймиз, нима ҳам қилиш мумкин: агар бирор инсон бизга мавсумий ишлаш учун келаётган бўлса, оиласини ўзи билан судраб келишига бало борми? — дея ўртага савол қўяди Медведев.
Бундан ташқари, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, мигрантларнинг фарзандлари рус тилини ўрганишга мажбур, бироқ мактаблар, ўз навбатида, буни аста-секин ва «қўполликсиз» амалга ошириши керак.
«Бола ўқишга келсаю, айрим бошланғич синф ўқувчиларинг учдан бир қисми рус тилини билмаса, бунга чидаб бўлмайди. Аста-секин уларни ўқишга мажбурлаш керак. Ким ўқишни хоҳламаса, мактабга қўйиш керак эмас», — дейди сиёсатчи.
Шунингдек, 6 сентябрь куни Давлат Думасининг Ижтимоий сиёсат, меҳнат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Нилов мигрантлар болаларини боғчалар, мактаблар ва техникумларда пуллик таълимга ўтказишни таклиф қилди, чунки депутатнинг сўзларига кўра, чет элликлар болаларни таълим муассасаларига бепул жойлаштириши «рус мактаб ўқувчиларининг тарбиявий ишлари ва ўқув дастурларини ўзлаштириш даражасини сезиларли даражада пасайтиради».
«Чет элликлар болаларининг Россия бюджети, бизнинг солиқ тўловчиларимиз ҳисобига ўқишига оид «ҳайрия ишлари»ни тўхтатишни таклиф қиламиз. Улар учун ўқиш текин экани етмаганидек, улар ёт маданиятни тиркаш орқали ўз тартибини ўрнатишмоқда. Майли, агар чет эллик ота-оналар ўз болаларини бизнинг таълим муассасаларида ўқитишмоқчи экан, тижорат асосида жойлаштиришсин», — дейди Нилов.
Мигрантларнинг ўз оилаларини Россияга олиб келиш ҳуқуқини тақиқловчи қонунни қабул қилиш имкониятини расмийлар ўтган йилдан бери фаол муҳокама қилишади. Сентябрь ойида Давлат Думасининг КПРФ депутати Михаил Матвеев мигрантларнинг ўз оилалари билан келишини тақиқлаш ва умуман виза режимини жорий этиш ташаббуси билан чиқди.
Шу йилнинг август ойида ЛДПР партияси ўз ҳамкасбларига кўриб чиқиш учун қонун лойиҳасини тақдим этди, унга кўра «Россия Федерацияси ҳудудига оила аъзоси сифатида меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини юритишни хоҳлаган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг» кириши тақиқланади.