Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон ҳукуматининг «Толибон»* ҳаракатини республика ҳудудида фаолияти тақиқланган террористик ва экстремистик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қарорини олқишлайди ва маъқуллайди. Тегишли баёнот Ислом Амирлиги дипломатик маҳкамаси сайтида эълон қилинган.
ТИВ Бишкек томонидан қўйилган қадам Афғонистон Ислом Амирлигининг халқаро миқёсда сиёсий тан олинаётганини англатишини таъкидлайди. Бу қарор мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги тўсиқларни бартараф этади, дея қўшимча қилган толиблар вазирлиги матбуот хизмати.
Қирғизистон Бош прокуратураси 2 сентябрь куни республикада фаолияти тақиқланган ташкилотларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилган. Кўпгина оммавий ахборот воситалари 20 гуруҳ орасида «Толибон» йўқлигини пайқашган.
Гарчи мамлакат ҳукумати ва хавфсизлик идоралари радикал ҳаракатни рўйхатдан чиқариб ташлаш тўғрисидаги қарорни эълон қилмаган бўлса-да.
Орадан бир неча кун ўтиб Дин ишлари бўйича давлат комиссияси директори ўринбосари Азамат Юсупов ўз ташкилотининг бунга алоқаси йўқлигини тушунтирган. Бундан ташқари, комиссия сайтида эълон қилинган тақиқланган ҳаракатлар рўйхатида толиблар ҳали ҳам бор.
Шу билан бирга, мулозим Афғонистонда рўй бераётган ўзгаришларни ҳисобга олиб, Қирғизистон радикал ҳаракатни террорчилар рўйхатидан чиқаришга қарор қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
ℹ️ «Толибон» 2006 йил сентябрида Қирғизистонда террорчилик ҳаракати сифатида тан олинган. Тегишли қарор Бишкекнинг Первомайский туман суди томонидан қабул қилинган.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Қозоғистон толибларни мамлакатда тақиқланган уюшмалар рўйхатидан чиқарган эди. Ўшанда Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатида мазкур радикал ҳаракати йўқлиги билан изоҳлаганди.
Кейинроқ республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида «Толибон» террорчилар рўйхатидан чиқарилганини айтди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).