Александр Кержаков «Қайрат» бош мураббийи лавозимида уч ой ишлаганидан сўнг истеъфога чиқди

Александр Кержаков. nur.kz сайти фотосурати

Россиялик мутахассис Александр Кержаков Олмаотанинг «Қайрат» клуби бош мураббийлигидан кетди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

«Россиялик мутахассис билан шартнома томонларнинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинди. У билан бирга унинг ёрдамчилари Владимир Казаков ва Руслан Аджинжал ҳам клубни тарк этмоқда», — дейилади хабарда.

«Гол Эмес» ТГ каналининг хабар беришича, Рафаэль Уразбахтин мавсум охиригача жамоани бошқаради.

Кержаков шу йилнинг май ойи охирида «Қайрат»ни бошқа бошлаганди. Истеъфога чиқиш қарори 2 сентябрь куни Қозоғистон чемпионатининг 19-тури доирасида «Астана»га ютқазгандан сўнг қабул қилинган. Эслатиб ўтамиз, «Қайрат» мағлубиятга учраганига қарамай, турнир жадвалида биринчи ўринни сақлаб қолган. Шундай қилиб, Кержаков Олмаота клубида уч ойдан сал кўпроқ вақт ишлади. Унинг қўл остида жамоа 12 та ўйин ўтказиб, шулардан 6 тасида ғалаба қозонган ва фақат учтасида мағлубиятга учраган.

Аввалроқ, август ойи охирида яна бир россиялик мутахассис Дмитрий Парфенов иккинчи ўринда бораётган «Актўбе» клуби бош мураббийлигидан кетган эди.

Александр Кержаков Санкт-Петербург футболида тарбия топган. Футболчи сифатида у Санкт-Петербургнинг «Зенит», Москванинг «Динамо», Испаниянинг «Севиля» ва Швейцариянинг «Цюрих» клубларида ўйнаган. У Россия чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири (139 та гол) ҳисобланади. Россия терма жамоасининг энг яхши тўпурари унвонини Артем Дзюба билан баҳам кўради — ҳар бирида 30 тадан гол.

Кержаков мураббий сифатида Россиянинг «Том», «Нижний Новгород» ўсмирлар жамоаларида ишлаган. Россия расмийлари Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлаганидан сўнг, мутахассис хорижга жўнаб кетган ва у ерда дастлаб Кипрнинг «Кармиотисса» клубини, кейин эса Сербиянинг «Суботица» клубини бошқарган.