Термизда халқаро савдо марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди

gov.uz сайти фотосурати

29 август куни Сурхондарёда «Термиз халқаро савдо маркази» (ХСМ) нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон ҳукумати хабарига кўра, қизил лентани республика Бош вазири Абдулла Арипов ва Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар кесган.

Маросим Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев, Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Торебаев ва бошқа расмий шахслар иштирокида бўлиб ўтди.

Бародарнинг айтишича, ХСМ Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва шерикликнинг янги бобини очади. Марказ икки мамлакатда сармоявий имкониятларни, тижорат алоқаларини кенгайтиради ва иш ўринлари яратади, шунингдек, маҳсулот ва товарлар учун янги бозорларни очади ва умуман иқтисодий ўсишни тезлаштиради, дея хабар беради Ariananews.af.

Афғонистон матбуоти марказнинг 2022 йил охирида очилиши ҳақида ёзганди. Ўша пайтда ХСМда фақат алоҳида зоналар ишлаган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ХСМ лойиҳаси тақдимотида мазкур марказ 26 гектар майдонни эгаллаши, унинг қурилишига 75 миллион доллар сарфланиши айтилганди. Бу ерда маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ва сотиш терминаллари жойлашади. Мажмуада 1800 чакана савдо шохобчалари, йирик логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, касалхоналар ва автосервислар бўлади. Биноларнинг биринчи қаватларида савдо дўконлари, иккинчи қаватида енгил саноат корхоналари жойлашади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ХСМнинг йиллик айланмаси 500 миллион долларни, хизматлар ҳажми эса 10 миллион долларни ташкил этади, бу марказ орқали 192 миллион долларлик экспорт амалга оширилади.

ХСМ дўконларига товарларни нафақат ўзбек сўмида, балки тўғридан-тўғри АҚШ доллари, евро, Россия рубли ва Хитой юанида сотиш ва сотиб олишга рухсат берилади. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ва эркин савдо зонасида дўкон очаётган тадбиркорлар чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида ишга олишлари мумкин. Ёлланган одамнинг Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқига эгами ёки йўқлиги муҳим эмас.

Афғонистон ва Покистон фуқароларига ХСМ дўконлари ва бошқа объектларини ижарага олишлари ва ҳатто уларга эгалик қилишлари мумкин.

Чет эл фуқаролари Ўзбекистонга кириш визасисиз марказда 15 кун қолиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ