Толиблар жиноятчилик 30 фоизга камайгани қайд этиб, Афғонистонни хавфсиз мамлакат деб атади

newsru.com сайти фотосурати

2023 йил апрелидан 2024 йил мартигача Афғонистонда жиноятчилик даражаси 30 фоизга камайган. 40 йил ичида биринчи марта мамлакатни хавфсиз деб аташ мумкин, аҳоли ўз ҳаётидан ҳайиқмай турли вилоятларга сайр қилмоқда. Бу ҳақда Ислом Амирлиги Ички ишлар вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради Ariananews.af.

«Толибон»* ҳаракати томонидан тузилган хавфсизлик кучлари вакиллари эришилган ютуқлар қаторида иқтисодий лойиҳаларни ҳимоя қилиш, давлатга йўналтирилган сармояларни рағбатлантириш, чегаралар демаркациясини қайд этди. ИИВ полициячилар малакаси сезиларли ошгани ва уларнинг сони ортганини таъкидлади. Ҳисобот даврида малака ошириш дастурларида 673 нафар, жумладан, 325 нафар хотин-қизлар иштирок этган. Бир йил давомида 20 мингдан ортиқ афғон зобит унвонини олган, 15 мингдан ортиғи унтер-офицер бўлган, 35,5 мингга яқини ҳарбий хизматни бошлаган.

ИИВ қўшни давлатлар Афғонистондан келаётган таҳдидлар ҳақида далиллар келтирмаганини, чунки Амирлик бу борада хавфсиз эканини таъкидлади.

Мамлакатда «Ислом давлати»* тузилмалари бутунлай йўқ қилинган, террорчилик гуруҳи фаолияти нолга туширилган.

Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари афюн савдогарларига қарши курашмоқда. Кўкнори экилган майдонлар вайрон қилиниб, гиёҳванд кимсалар даволанишга жўнатилмоқда, ноқонуний моддалар савдоси билан қўлга олинган шахслар жавобгарликка тортилмоқда.

Йил давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 3643 тонна гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган, наркотика, алкоголли ва маст қилувчи моддаларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга мўлжалланган 790 та объект йўқ қилинган. Шу муносабат билан 10,5 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган, 28 мингга яқин фуқаро мажбурий даволанишга юборилган. 17,5 минг гектардан ортиқ майдон кўкноридан тозаланган.

ИИВ контрабандага қарши кураш бўйича ҳам ҳисобот берган. Мамлакат аэропортларида қарийб 2 миллион доллар, 845 минг евро, 4,8 миллион Саудия риали, шунингдек, 344 килограмм наркотик моддалар ва бир килограммдан ортиқ олтинни ноқонуний олиб ўтишнинг олди олинган. Полиция мазкур жиноятларни содир этишда гумон қилиб жами 591 кишини ҳибсга олган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ