Покистоннинг Балужистон вилоятида айирмачиларнинг йирик ҳужуми оқибатида 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

aa.com.tr сайти фотосурати

Покистоннинг Балужистон вилоятида минтақа мустақиллигини талаб қилаётган гуруҳ жангарилари полиция бўлимлари ва магистрал йўлларга ҳужум қилиб, камида 73 кишини ўлдирган. Бундан ташқари, тинч аҳоли орасида қурбонлар бор, деб хабар беради Reuters агентлиги.

ОАВ хабарларига кўра, 26 август, душанба куни қуролланган шахслар полиция идоралари, темир йўл инфратузилмаси ва автомобиль йўлларига йирик ҳужумлар уюштиришган. Маҳаллий ҳокимият вакилларига кўра, айирмачилар табиий ресурсларга бой ҳудудни Покистондан ажратиб олиш учун ўнлаб йиллар давомида курашиб келаётган бўлса-да, бу галгиси энг йирик ҳужум бўган. Шу билан бирга, ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган «Балужистон озодлик армияси» вилоятдаги аксарият саноат объектлари хитойлик инвесторлар томонидан назорат қилинаётганидан норозилигини билдиради. Жумладан, хитойликлар портни бошқаришади, маҳаллий конда олтин ва мис қазиб олишади.

Покистон ҳарбийларига кўра, 14 нафар аскар ва полициячи, шунингдек, 21 нафар жангари ҳалок бўлгани тасдиқланган. Бундан ташқари, 38 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти автомашиналар трассада тўхтатилиб, ҳужжатлар текширилгандан сўнг ҳужумчилар томонидан отиб ташланган.

Вилоят раҳбари Сарфраз Бугти воқеа гувоҳларига таянган ҳолда журналистларга одамларни шунчаки автобуслардан тушуриб, оилалари кўз ўнгида ўлдиришганини айтган.

Айирмачилар бир неча кўприкдаги темир йўл изларини портлатиб юборган. Бу провинция пойтахти Кветта ва Покистоннинг қолган қисми, шунингдек, қўшни Эрон билан алоқалар узилиб қолишига олиб келган.

Маълумки, «Балужистон озодлик армияси» душанба кунги операцияни «Қоронғу бўрони» деб атаган. Жангарилар полиция ва тинч аҳоли объектларига ҳужумларни давом эттиришга ваъда беришган.

Ўз навбатида Покистон Бош вазири Шеҳбоз Шариф хавфсизлик кучлари жавоб чораларини кўриши ва бу қонли ҳаракатга алоқадорларнинг барчасини жазолашига ишонтирган.

ℹ️ «Балужистон озодлик армияси» ҳукуматга қарши курашаётган бир неча этник исёнчи гуруҳларнинг энг йириги ҳисобланади ва исломий республика ҳукумати қашшоқлик авж олаётган вилоят ресурсларидан ноҳақ фойдаланаётганини таъкидлайди. Айирмачилар минтақага мустақиллик берилишини ва Хитой компаниялари бу ҳудуддан чиқиб кетишини талаб қиладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ