Қозоғистон ва Тожикистон нодир ва ноёб ерости металларини биргаликда қазиб олишга келишиб олди

kazatomprom.kz сайти фотосурати

«Казатомпром» ва «ТажРедМет» компаниялари биргаликда уран, шунингдек бошқа нодир ва ноёб ерости металларини қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашни амалга оширади. Компаниялар ўртасидаги тегишли меморандум Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Тожикистонга яқинда амалга оширган ташрифи чоғида имзоланганди, деб хабар беради «Казатомпром» матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, компаниялар, шунингдек, қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб боради, инновацион технологияларни жорий қилади ва кадрлар тайёрлайди.

«Бу қадам компанияларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Аниқ натижалар ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса-да, уран саноати, шунингдек, Қозоғистонга ҳам, Тожикистонга ҳам катта фойда келтириши мумкин бўлган ноёб ерости металлари бўйича истиқболли қўшма лойиҳаларга эътибор қаратмоқдамиз. Умид қиламизки, ушбу меморандум узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликка, икки мамлакатда иқтисодий ўсиш ва юқори технологияларни ривожлантиришга кўмаклашиш учун асос бўлади», — деди «Казатомпром» бошқаруви раиси Меиржан Юсупов.

Яқин вақт ичида «ТажРедМет» (Тожикистон нодир металлари» ДУК, собиқ «Востокредмет» кон-кимё комбинати) компанияси вакиллари «Казатомпром»нинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишиш ва келгусидаги ҳамкорлик имкониятларини баҳолаш учун Қозоғистонга келиш ниятида.

Kursiv.kz эслатганидек, апрель ойи ўрталарида «Казатомпром» ўзининг шўъба корхонаси «Улба металлургия заводи» Абай вилоятидаги Қоражал конида ноёб металлар (тантал, ниобий, бериллий) ни қидириш учун лицензия олганини эълон қилганди. Компания заводни ўзининг минерал-хом ашё базаси билан таъминлаш истагида эканини таъкидлаган. Ҳозирча компания Африка мамлакатларидан тантал ва бериллий сотиб олишга мажбур бўляпти.

Қосим-Жомарт Тўқаев ўтган йили халққа мурожаатида «янги нефть» деб аталмиш нодир ва ноёб ерости металлари конларини ўзлаштириш устувор йўналишлардан бири бўлиши кераклигини таъкидлаганди. «Бу соҳада ўз салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган давлатлар бутун дунёда технологик тараққиёт векторини белгилайди», – деганди президент.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ