Лукашенко баёнотидан сўнг Беларусь элчиси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди

gov.kz сайти фотосурати

Беларусь элчиси Павел Утюпин Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига «Қозоғистон-Беларусь ҳамкорлигининг долзарб масалаларини» муҳокама қилиш учун таклиф қилинди, деб хабар қилади ТИВ матбуот хизмати.

Учрашувда вазир Мурат Нуртлеу Қозоғистон БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига мувофиқ мувозанатли ва тинчликсевар ташқи сиёсат юритаётганини таъкидлаган. «Мамлакатимиз давлатлар ўртасидаги барча келишмовчиликларни сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарурлигига қатъий ишонади. Ҳозирги геосиёсий шароитда давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган мамлакат ташқи сиёсати ўз самарасини исботлади.

Шу муносабат билан вазир Беларусь томонини мавжуд жараёнларга нисбатан Остона позициясини холис баҳолашга чақирди», — дейилади Қозоғистон ТИВ баёнотида.

Элчи билан учрашувга Беларусь президенти Александр Лукашенконинг қатор постсовет давлатлари, жумладан, Қозоғистон сиёсатини танқид қилганига доир интервьюси сабаб бўлганди.

«Биз баъзи постсовет давлатлари каби ўйин қилмаяпмаймиз. Россиядан нимадир олишмоқчи бўлишади, ўрнига бирор нарса беришни хоҳлашмайди. <...> Бунақаси кетмайди. Келинг, бирга бўлайлик! Россиядан ҳимоя ва ёрдам сўраш вақти ҳам узоқмас», — деган сиёсатчи.

У «Қозоғистонда нимадир бўлганида» Остона Хитой, Ҳиндистон ёки Покистонга эмас, балки Москва ва Минскга мурожаат қилганини эслатган: «Путин, Лукашенко, ёрдам беринг!» Биз ярим кун ичида [КХШТ тинчликпарвар кучларини] ўша ерга жўнатдик — самолётларимиз Қозоғистонга қўнди. Ҳаммасини тинчитдик», — деган Беларусь раҳбари.

Лукашенко, шунингдек, унинг сўзлари таъна ёки қарзни тўлаш талаби эмаслигини таъкидлаган, лекин бир кун келиб Москва ва Минскга яна ёрдам сўраб мурожаат қилишга оид вазият юзага келиши мумкинлигини тушунтирган, аммо ўшанда «ҳеч ким ёрдамга келмайди», деб айтган. «Кейинчалик иқтисодий маконни яратдик -яхшими, ёмонми, ҳарқалай постсовет макони. Нега уни йўқотиш керак? Нима, Қозоғистон ёки Ўзбекистон молларини Америка ёки Европа Иттифоқида кутишяптими? Албатта, йўқ. Балки, нимадир етишмаётган бўлса икки миллионга сотиб олишлари мумкиндир, қолганини эса «ўзингиз ейсиз». Ошиб қолганини эса Россияга сотишни хоҳлашади, негаки — умумий бозор. Шунинг учун, бор нарсани йўқотишдан не фойда? Келинг, яхшиси бунга қўшайлик», — деган Беларусь етакчиси.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди