Қозоғистонда қамоқхона ходимлари ва Миллий гвардия хизматчилари маҳбусларни қийноққа солгани учун жазоланди

Time.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Улитау вилоятидаги етти нафар колония ходими ва тўрт нафар ҳарбий хизматчи маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаганликда айбдор деб топилди, деб хабар беради республика Бош прокуратураси.

Ҳукм 30 июль куни чиқарилган, бироқ бу ҳақда ҳозир маълум бўлди. Жиноий ишлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро ҳарбий суд ҳукмига кўра, Қарағанда ва Улитау вилояти бўйича 62-сонли муассаса раҳбари ва унинг режим бўйича ўринбосари олти йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилган. Муассасанинг қолган беш нафар ходими ва Миллий гвардиянинг 6505-сонли ҳарбий қисмининг тўрт нафар ҳарбий хизматчиси тўрт йилдан тўрт ярим йилгача қамоқ жазосини олган.

Жиноят иши Улитау вилояти прокуратурасининг махсус прокурорлари томонидан тергов қилинган. Улар 11 маҳкумга нисбатан қийноқлар қўлланилганини исботлашга муваффақ бўлишди, дейилади ҳисоботда. Тергов маълумотларига кўра, колония ходимлари маҳбусларни қўрқитиб, қийноққа солган ва буни ҳуқуқ-тартибот идораларидан яшириш мақсадида уларнинг (маҳкумларнинг) итоатсизлиги бўйича юқори раҳбариятга хабар беришган.

Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган.

Қозоғистонда сўнгги йилларда жазони ижро этиш тизимининг ўнлаб ходимлари маҳбусларни қийноққа солгани учун узоқ муддатга қамалган. Шу билан бирга, ахлоқ тузатиш муассасаларининг ўзи «шаффофроқ» шаклга келтирилган, уларга тез-тез жамоатчилик назорати комиссиялари ташриф буюришади. Шу билан бирга, қамоқхона махбуслари сони ҳам камайган – 2000 йиллардаги 93 минг кишидан 37 минг кишигача. Қийноқлар ҳақида кўпроқ маълумотлар ташқарига сизиб чиқа бошлади, ва улар кенг резонансга сабаб бўлмоқда. Мудхиш воқеалардан бири 2019 йили содир бўлганди. Ўшанда YouTubeда Заречний колониясидаги қийноқлар акс этган ўнлаб видеолар эълон қилинганди. Ўша йилнинг октабрь ойида Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят-ижроия тизими қўмитаси раиси Дархан Канатбеков ўз лавозимидан озод этилганди. Мазкур иш бўйича етти нафар колония ходими турли хил жазоларни олганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди