Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик муҳокамаси якунланди

Остонадаги муҳокама иштирокчилари. gov.kz сайти фотосурати

Остонада Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича жамоатчилик муҳокамаси якунига бағишланган ошкора тинглов тадбири бўлиб ўтди, деб хабар беради Республика Энергетика вазирлиги матбуот хизмати. Бундан олдин бундай тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудларида ўтказилган.

Энергетика вазирлигининг Атом энергетикаси ва саноат департаменти директори ўринбосари Гулмира Мурсалова тингловда сўзлаган нутқида Қозоғистонда электр энергиясининг 70 фоизи кўмир станцияларида ишлаб чиқарилаётганини, уларнинг аксарияти аллақачон эскирганини таъкидлаган. Шу билан бирга, мамлакатда электр энергияси истеъмолининг йиллик ўсиши тахминан 3% ни ташкил қилади. Қозоғистон энергиянинг энг юқори истеъмоли пайтида мунтазам равишда чегарадош давлатлардан электр энергияси сотиб олади. «2023 йил якунига кўра истеъмол қилинган 115 миллиард кВт/соатдан 2 миллиард кВт/соатдан кўпроғи режа асосида Россия Федерациясидан харид қилинди. Келажакда бунинг олдини олиш учун биз ҳозирданоқ тегишли чораларни кўришимиз керак. Айни пайтда кўплаб давлатлар атом электр станцияларини қурмоқда», — деди у.

Ўз навбатида, «Қозоғистон атом электр станциялари» компанияси бош директори Тимур Жантикин таъкидлашича, аввали 13 та турли АЭС лойиҳаси таклиф этилган, улардан тўрттаси танлаб олинган. Унинг сўзларига кўра, атом электр станциясининг қурилиши мамлакат иқтисодиёти ривожига, шунингдек, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш учун бир-бирини муваффақиятли тўлдирувчи ва ўрнини босувчи пассив ва фаол хавфсизлик тизимларига эга энг хавфсиз III ва III+ авлод реакторлари таклиф қилинмоқда, дея қўшимча қилди Энергетика вазирлиги.

Шу билан бирга, ORDA.kz ёзишича, тингловлар бўлиб ўтган залга барча хоҳловчи ҳам кира олмаган. Улардан баъзилари, асосан, «шовқин кўтарадиганлари» қўшни хонага юборилган. Расмийлар Олмаотадаги жанжалга сабаб бўлган оммавий муҳокамалардан сўнг шундай йўл тутган бўлсалар ажабмас.

ℹ️ Қозоғистонда АЭС қурилиши анчадан бери муҳокама қиланади, бироқ 2019 йилдан бери расмийларнинг бу борадаги гаплари сезиларли даражада ўзгарди. Ўшанда Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев билан Москвада бўлиб ўтган музокаралар чоғида Қозоғистонда Россия технологияларидан фойдаланган ҳолда АЭС қуришни таклиф қилганди. Тўқаев бунга жавобан мамлакат аҳолисининг аксарияти фикрини ҳисобга олмаган ҳолда атом электр станциясини қуриш бўйича қарор қабул қилинмаслигини айтганди.

2022 йил февралида Тўқаев Қозоғистонга атом энергетикаси жуда зарурлигини айтганди. 2023 йил сентябрида у АЭС қуриш бўйича умумхалқ референдумини ўтказишни таклиф қилганди. Мазкур масала бўйича жамоатчилик муҳокамалари якунлангандан сўнг, жорий йилнинг кузида референдум бўлиб ўтиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди