Қозоғистон Бош вазири мамлакатга маймун чечаги касаллигини киритмасликка оид топшириқ берди

pkzsk.info сайти фотосурати

Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Соғлиқни сақлаш вазирлигига мамлакатга маймун чечаги касаллигининг кириб келишини олдини олиш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради ҳукумат матбуот хизмати.

20 август куни Вазирлар Маҳкамаси мажлисида сўзга чиққан Бектеновнинг таъкидлашича, ҳозирда Қозоғистонда мазкур касаллик бўйича ягона бирорта ҳолат қайд этилмаган, аммо бу бепарволик учун асос бўлолмайди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазиятни назорат қилишни давом эттириши, мамлакатга касаллик кириб келишини олдини олиш учун профилактика чораларини кўриши лозим. Бу, айниқса аэропортларда ва чегара ўтиш жойларида назоратни кучайтиришни талаб қилади», — деган Бектенов.

Аввалроқ, Қозоғистон ҳукумати аэропортларда ва чегара ўтиш жойларида инфекция кириб келишини олдини олиш мақсадида санитария-карантин чораларини кучайтирдилар. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур касаллик қайд этилган мамлакатларга бормоқчи бўлган инсонларга касаллар ва ёввойи ҳайвонлардан эҳтиёт бўлишни тавсия этади.

Шунга ўхшаш чоралар Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида, хусусан, Тожикистон ва Қирғизистонда қабул қилинди. Айни пайтда, Ўзбекистонда аэропортларда, темир йўл ва автомобиль ўтиш жойларида санитария-карантин чоралари кучайтирилган ҳолда, юқумли касаллик шифохоларида керакли дори-дармонлар қатори, резерв койкалар кўпайтирилган.

Маймун чечаги — ноёб вирусли инфекция бўлиб, унинг аломатлари безгак, лимфа тугунларининг кенгайиши, баданда пуфакчалар пайдо бўлиши ва уларнинг ярага айланиб кетиши шаклида намоён бўлади, деб хабар беради ТАСС. Юқумли касаллик даври ўз-ўзидан тузалиб кетиш йўли билан икки-тўрт ҳафтадан иборат бўлади, аммо унинг ўлимга олиб келувчи оғир ҳолатлари ҳам қайд этилган.

2022 йил май ойидаги маймун чечаги инфекциясининг илк бор қайд этилганидан бошлаб дунёда 99 мингга яқин инсон мазкур касалликка чалингани аниқланган, улардан 189 нафари вафот этган. Эндемик мамлакатлар қаторига Гана, Конго, Камерун, Либерия, Нигерия, Марказий Африка Республикаси киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди