Тожикистон Бош прокурори собиқ амалдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини тасдиқлади

ЧАПДАН ЎНГГА: САИДЖАФАР УСМОНЗОДА, АКБАРШО ИСКАНДАРОВ, ҲАМРОХОН ЗАРИФИЙ, АҲМАДШОҲ КОМИЛЗОДА, ШОКИРЖОН ҲАКИМОВ. "ФАРГОНА" КОЛЛАЖИ

Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида 1991 ва 1992 йиллари президент вазифасини бажарувчи Акбаршо Искандаров, собиқ Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ва бошқа қатор сиёсатчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини тасдиқлади. Бу ҳақда «Азия-плюс» хабар берди.

Раҳмонга кўра, июнь-июль ойларида ҳибсга олинган Зарифий, Искандаров, Демократик партия раиси ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзода ва Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбари ўринбосари Шокиржон Ҳакимов ҳукуматни зўравонлик билан эгаллашга уринганликда айбланиб, июнь ойида ҳибсга олинган Тожикистон Демократик партиясининг собиқ партия раиси Саиджафар Усмонзода билан «яқин алоқада бўлган».

«Усмонзода, Ҳакимов, Комилзода, Искандаров, Зарифий ва бошқа бир қанча шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, улар Бош прокуратурада дастлабки тергов босқичида. Тергов сирини сақлаб қолиш мақсадида мен ҳеч қандай маълумот бера олмайман», — дея Бош прокурор сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС.

Раҳмон бу иш юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб беришдан ўзини тийган. У «давлатга, миллатга, президентга хиёнат қилган шахс қайси лавозимда ишлашидан, аввали қайси лавозимни эгаллаганидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради», деб таъкидлаган.

ℹ️ 73 ёшли Акбаршо Искандаров Тожикистон мустақиллигининг дастлабки йилларида машҳур сиёсатчилардан бири ҳисобланган. У республика Олий Кенгашининг депутати ва раиси бўлган, икки марта – 1991 йил октябридан декабригача ва 1992 йил сентябридан ноябригача (президент Эмомали Раҳмондан аввал) мамлакат президенти вазифасини бажарувчи бўлган. Сўнгра Тожикистоннинг Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистондаги элчиси бўлиб ишлаган, кейинроқ Фанлар академиясига ишга ўтиб, илмий фаолият билан шуғулланган.

75 ёшли Ҳамрохон Зарифий 1996-2002 йиллари Тожикистоннинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги (ЕХҲТ) доимий вакили, кейин Австрия ва АҚШда элчи бўлиб ишлаган, 2006-2013 йиллари республика Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган.

Иқтисодиёт фанлари номзоди, 63 ёшли Саиджафар Усмонзода тадбиркор бўлган, 2012 йил декабрида Тожикистон Демократик партияси раиси этиб сайланган. Усмонзода икки марта – 2013 ва 2020 йиллари мамлакат президенти лавозимига номзодини қўйган. У жорий йилнинг 14 июнига қадар республика парламенти қуйи палатаси депутати бўлган. Усмонзода 11 май куни сиёсий ташкилотнинг навбатдан ташқари қурултойида партия етакчилигидан четлаштирилган.

14 июнь куни Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этиш бўйича овоз беришдан олдин Бош прокурор Юсуф Раҳмон парламент аъзоларига мазкур сиёсатчи ва бир қатор бошқа шахсларга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 306-модда 2-қисми «в» банди («Мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга қаратилган ҳаракат») билан иш қўзғатилганини маълум қилган. Ушбу модда ўн беш йил озодликдан маҳрум этишдан тортиб, то умрбод қамоқ жазосини ўз ичига олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ