Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари Россия ҳукумати томонидан миграция қонунчилигини бузгани учун ўз ватанига депортация қилинган ватандошлари билан ўтказган суҳбатларидан сўнг экстремизм ёки терроризмга алоқадор бирорта ҳам шахсни аниқламаган. Бу ҳақда ИИВ бошлиғи ўринбосари Абдураҳмон Аламшозода журналистлар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради «Бомдод».
Мулозим жорий йилнинг олти ойи давомидаги статистик маълумотларни келтирган, лекин аниқ қанча одам полиция томонидан сўроқ қилинганини айтмаган. Аммо, Республика Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, бу вақт ичида Россия Федерацияси 17 мингдан ортиқ Тожикистон фуқароларини ўз ватанларига депортация қилган.
👉 «Бомдод» нашри мисол тариқасида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патентга эга бўлмагани учун жавобгарликка тортилган Душанбе шаҳрида яшовчи фуқаро ҳикоясини келтиради. Улар мигрантни уйига жўнатишга қарор қилишади, бироқ у бир ойни махсус ҳибсхонада ўтказади ва авиачипта сотиб олишларини кутади. Эркак пойтахтлик бўлишига қарамай, парвозлар арзонроқ бўлгани учун уни Хўжанд рейси билан ватанига юборишган. Тожикистон фуқаросининг айтишича, уни аэропортда турли ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари кутиб олишган. Унинг телефон рақамлари, жумладан, сайтларга кириши ва мессенжер ёзишмалари текширилган. Сўроқ тахминан етти соат давом этган. Шундан сўнг РФдан чиқариб юборилган муҳожирларга ўз ватанига муҳаббат ҳақида маъруза ўқилиб, шубҳали агитатор ва тарғиботчиларга қулоқ солмасликка чақиришган ва қўйиб юборишган. Эркакнинг қўшимча қилишича, соқолли эркаклардан соқолини олиб ташлаш сўралган.
Аламшозода матбуот анжуманида мамлакат ичида экстремизмга қарши кураш ҳақида гапирган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида учта теракт ва иккита терактга уринишнинг олди олинган. Генерал эпизодлар тафсилотларини келтирмаган.
Расмийнинг қўшимча қилишича, ҳисобот даврида терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ 95 та ҳолат қайд этилган ва бундай ҳолатлар бўйича 39 нафар фуқаро қўлга олинган. Умумий ҳисобда гумонланувчилар экстремистик ташкилотларга қарийб 500 минг сомоний (тахминан 45 минг доллар) пул ўтказишган.
Генерал алоҳида эътиборни Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Ванж тумани, Язғулом қишлоғи аҳолисининг оммавий ҳибсга олинишига қаратган. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозирда 27 киши ҳибсга олинган, яна тўрт нафари қидирувда. Уларнинг барчаси Афғонистонда жойлашган, лекин асосан тожикистонликлардан ташкил топган «Ансоруллоҳ»* қуролли экстремистик гуруҳи билан алоқадорликда айбланмоқда.
ℹ️ 22 март куни «Крокус Сити Холле» да содир этилган терактдан кейин Россия полицияси томонидан мигрантлар устидан назорат кучайтирилди. Тергов маълумотларига кўра, ҳужум қилганларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари бўлган. Шу муносабат билан, айнан ушшу мамлакат фуқаролари қўшимча текширувларга дучор бўлишмоқда, оммавий ахборот воситаларида кўпинча аэропортлар ва назорат-ўтказиш пунктларида Россияга кириш учун рухсат кутаётган одамлар тўпланиб қолаётганига доир маълумотлар берилмоқда.
Шунга қарамай, хорижга ишлаш учун кетаётган тожикистонликлар Россия Федерациясини афзал кўришади. Республика Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, январь-июнь ойларида 392 805 киши мамлакатни тарк этган, уларнинг 98 фоизи Россияга кетган.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).