Бишкек суди жиноятчи Қўлбаевнинг 76 ёшли онасини етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди

Майя Алиева. Видеоёзувдан кадр

2023 йил октабрь ойида ўлдирилган қирғизистонлик жиноятчи Қамчибек Кўлбаевнинг онаси 76 ёшли Мая Алиеванинг мол-мулки мусодара қилиниб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукмни 8 август куни Бишкекнинг Октябрь туман суди эълон қилди, деб ёзади Kaktus.Media.

Мая Алиева Қирғизистон Жиноят кодексининг 222-моддаси («Жиноят йўли билан орттирилган даромадларни легаллаштириш») бўйича айбланган: унинг номига ўғли Қамчибек Кўлбаев томонидан ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган мол-мулклардан 13 та кўчмас мулк расмийлаштирилган. Давлат айблови Алиевага ишда қайд этилган мулкларни давлат фойдасига мусодара қилиш билан 10 йил қамоқ жазосини сўраган.

«1997 йил 1 октабрь таҳриридаги Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 63-моддасига мувофиқ, тайинланган жазо бир йил синов муддати билан шартли деб ҳисобланади ва агар ушбу синов муддати давомида маҳкум янги жиноят содир этмаса ва суд томонидан ўзига юкланган вазифаларни бажарса, у ҳолда ҳукм кучга кирмайди», — дея суд қароридан иқтибос келтиради 24.Kg.

Июль ойида Алиеванинг яна бир ўғли (унинг жами 6 нафар фарзанди бўлган) Жўлдошбек Кўлбаев Қирғизистон президенти, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси ва Олий суд раисига видеомурожаат йўллаган. У «инсультга учраган, ётоқдан туролмайдиган, равон гапира олмайдиган» онаси устидан жиноят иши қўзғатилгани, суд мажлислари унинг хонадонида ўтаётганидан шикоят қилган. Бишкек шаҳар судининг тушунтиришича, айбланувчилар ва уларнинг адвокатлари томонидан суд жараёнлари сунъий равишда кечиктирилгани сабабли Қирғизистон Жиноят-процессуал кодекси нормаларига мувофиқ сайёр суд мажлиси ўтказилишига қарор қилинган.

ℹ️ Қамчибек Кўлбаев («Коля-қирғиз») Қирғизистондаги энг машҳур криминал босслардан бири бўлган. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларининг 10 та жиноят раҳбарлари қаторига киритган. Кўлбаевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини бузиш»га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган.

Кўлбаев 4 октабрь куни хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган. Бир неча кун ўтиб Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Коля-қирғиз»нинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган, шу жумладан унинг қариндошлари ва шериклари номига расмийлаштирилган активлари қиймати 1 миллиард долларга яқин эканини маълум қилди. Улар қасрлар, коттежлар, элита клуб уйлари, қурилаётган бинолардаги кўплаб квартиралар, дам олиш марказлари, пансионатлар, ресторанлар, шунингдек, ер участкалари, ов майдонлари ва отхоналардан иборат бўлган. Бундан ташқари, Қўлбаев 60 дан ортиқ қимматбаҳо машиналарга, жумладан зирҳли, заргарлик буюмлари ва бошқа мулкларга эга бўлган.

Тез орада жиноятчи ва унинг яқинларига тегишли 720 та хонадон давлат мулкига ўтказилган. Мулкнинг бир қисми ким ошди савдосига қўйилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди