Қирғизистон МХДҚ ўзбекистонлик тадбиркор Салим Абдувалиевни «Коля-қирғиз» иши бўйича қидирувга берди

Салим Абдувалиев. Тошкент ИИББ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўзбекистонлик тадбиркор Салим Абдувалиевни «Коля-қирғиз» лақабли криминал авторитет Қамчибек Қўлбаевнинг жиноий гуруҳи фаолиятини молиялаштирганликда гумон қилган ҳолда қидирувга берди. Бу ҳақда «Клооп» ҳуқуқ-тартибот идораси матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Қирғизистон махсус хизматига кўра, «Салимбой» ёки «Салимбойвачча» номи билан танилган Абдувалиев нафақат Ўзбекистондаги жиноят олами етакчиси бўлган, балки МДҲ мамлакатларидаги криминал авторитетларга ҳам ўз таъсирини ўтказган. Жумладан, у Европага гиёҳванд моддаларни етказиб бериш каналларини назорат қилган ва шунинг учун «қонундаги ўғри» Қўлбаевга доимо молиявий ёрдам кўрсатиб келган.

МХДҚ терговчиларининг фикрича, айнан Абдувалиев «Коля-қирғиз»нинг ўз ватанида ва бутун Марказий Осиёда обрў-эътибор қозонишига ҳисса қўшган. Айни пайтда «Салимбой» Кўлбаевнинг уюшган жиноий гуруҳини молиялаш орқали ўзининг ғаразли мақсадларини кўзлаган ва таъсир доирасини кенгайтирган, дея қўшимча қилади хавфсизлик хизмати.

Аниқлик киритилишича, Бишкекнинг Октябрь туман суди Ўзбекистон фуқаросига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини сиртдан танлаган. Абдувалиев Интерпол томонидан қидирувга берилган.

Шу билан бирга, МХДҚ ўз хабарида Абдувалиев ватанида судланганини эслатиб ўтади — жорий йил март ойида у ноқонуний қурол савдоси учун олти йилга озодликдан маҳрум этилган. Қирғизистон хавфсизлик кучларининг қўшни республикадаги тадбиркорга нисбатан «жиддийроқ даъволари» бор.

«Салимбой» номи Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарларида яқинда пайдо бўлганди. Йил бошида қўмита раҳбари Қамчибек Ташиев терговда бўлган депутат Эмил Жамғирчиев Қирғизистон расмийлари ўртасида тартиб ўрнатишда «Салимбой»дан ёрдам сўрагани, бироқ рад жавоби олганини иддао қилганди.

73 ёшли Салим Абдувалиевнинг ҳибсга олингани ўтган йил декабрь ойида маълум бўлди. Тадбиркорга нисбатан ноқонуний қурол сақлаш моддаси бўйича жиноят иши кўзғатилганди.

Жорий йил март ойида Тошкент шаҳар суди тадбиркорни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди. Абдувалиев жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди.

ℹ️ Салим Абдувалиев — постсовет ҳудудидаги энг машҳур меценат ва филантроплардан бири ҳисобланади. У жиноят оламининг вакили саналади, жумладан бир неча йил олдин АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўзининг дипломатик ёзишмаларида уни «ўзбек мафиясининг бошлиғи» деб атаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди