Тожикистонда собиқ президент вазифасини бажарувчи, Тожикистон миллий фанлар академиясининг (ТМФА) Фалсафа институти Сиёсий ва халқаро муносабатлар бўлими мудири Акбаршо Искандаров ҳибсга олинди. Бу ҳақда ТМФА Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти директори Нозим Маҳмадизодага асосланиб, «Азия-плюс» хабар берди.
Маҳмадизода 1 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида 73 ёшли Искандаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, у сўроққа чақирилгани ва тахминан икки ой олдин ҳибсга олинганини айтди.
«Жиноят иши махфийлаштирилган. Шунинг учун бизда қўшимча маълумотлар йўқ. Тергов жараёнига аралашмасликка ҳаракат қиламиз», — деди институт директори.
Акбаршо Искандаровнинг ҳибсга олингани ҳақидаги илк хабарлар 21 июнь куни пайдо бўлганди. «Азия-плюс»нинг Бош прокуратурадан расмий изоҳ олишга уринишлари натижа бермаган.
Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раиси Саиджафар Усмонзода ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш иши бўйича ҳибсга олинган 14 июнь кунидан бери ҳамкасблари Искандаровни иш жойида кўришмаган. Шунингдек, ОАВда республика Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Ҳамрохон Зарифий, Демократик партия раиси ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзода ва Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбари ўринбосари Шокиржон Ҳакимовнинг ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Расмийлар бу ҳибслар ҳақида изоҳ бермаяпти.
Акбаршо Искандаров Тожикистон мустақиллигининг дастлабки йилларида машҳур сиёсатчилардан бири ҳисобланган. У республика Олий Кенгашининг депутати ва раиси бўлган, икки марта – 1991 йил октябридан декабригача ва 1992 йил сентябридан ноябригача (президент Эмомали Раҳмондан аввал) мамлакат президенти вазифасини бажарувчи бўлган. Сўнгра Тожикистоннинг Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистондаги элчиси бўлиб ишлаган, кейинроқ Фанлар академиясига ишга ўтиб, илмий фаолият билан шуғулланган.