Бишкек Қирғизистон фуқароларининг Россияга киритилмаётганига оид ҳолатлар кўпайганидан хавотирда

Алмаз Имангазиев (чапда) ва Сергей Вакунов. mfa.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев 29 июль куни Россия Федерациясининг янги элчиси Сергей Вакунов билан учрашувда Қирғизистон фуқароларининг Россияга киритилмаётгани ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ расмий сайтида хабар берилган.

Имангазиев, шунингдек, Россия аэропортларида узоқ текширувлар амалга оширилаётгани ҳақида гапирди. Шу билан бирга, у Қирғизистон томони «Россия томонининг мамлакатда хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларини тушунишини» таъкидлаган.

Ўз навбатида Вакунов икки томонлама кун тартибидаги барча мавзулар, жумладан, миграция масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

«Россия элчиси Вакунов миграция масалаларини ҳал қилиш идоралараро ҳамкорликни, жумладан, икки давлатнинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари орқали фаоллаштиришни талаб қилишини таъкидлади», — дея хабар беради ТАСС Россия элчихонаси вакилига таяниб.

Аввалроқ Россия ТИВ Россия томони 22 март куни «Крокус Сити Холл»да юз берган теракт муносабати билан чегарада хавфсизлик чораларини кучайтиришга мажбур эканлигини ҳамда чегарадан ўтаётган шахсларга нисбатан уларнинг фуқаролигидан қатъи назар, қўшимча текширувлар ўтказилишини маълум қилганди.

Жорий йил май ойи бошида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг мамлакатга киритилмаётгани билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар юз бераётгани сабаб фуқароларни Россияга бормасликка чақирган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди