Бишкек мэрияси четдан келган ҳайдовчиларни жамоат транспортига ўтказишга қарор қилди

economist.kg сайти фотосурати

Бишкек ҳокимияти четдан келган ҳайдовчиларни жамоат транспортидан фойдаланишга ундаш мақсадида улардан шаҳарга кириш учун пул ундиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Қирғизистон пойтахти мэри Айбек Жунушалиев «Кабар» агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Бу ташаббус, унинг сўзларига кўра, нафақат пул йиғиш, балки тирбандлик муаммосини ҳам ҳал қилишга қаратилган. «Одамлар ўз пулини ҳисоблай бошлайди ва шахсий автомобилларидан жамоат транспортига ўтишади. Айтганларидек, талаб таклифни келтириб чиқаради», — деди шаҳар ҳокими.

Мэрия маълумотларига кўра, Бишкекдаги барча автовокзаллар шаҳар чегарасидан ташқарида жойлаштирилади ва у ерда автотураргоҳлар ташкил этилади. «Бошқа шаҳарлардан келган ҳайдовчилар автовокзалгача ўз автосида келишади, машинани у ерда қолдириб, жамоат транспортида ўз манзилига етиб борадилар. Шунингдек, биз автотураргоҳ учун ҳақ тўлаган ҳайдовчи ушбу бонуслар орқали жамоат транспорти йўл ҳақини тўлаши мумкин бўлган тизимни ишлаб чиқяпмиз. Шундай қилиб, биз уни автовокзалда машинасини қолдириб, автобусга чиқишга ундаймиз. Бу тизим ҳам ишлаб чиқилмоқда. Техник масалалар бор, улар ҳал этилгач, янги тизимни аҳолига тақдим этамиз. Бу, ўз навбатида, шаҳар экологиясига ҳам ижобий таъсир кўрсатади», — деди Жунушалиев.

Жорий ташаббус ҳозирча муҳокама қилинмоқда, шунингдек, шаҳар ҳокимиятининг кенг резонансга сабаб бўлган тирбандликларга қарши курашиш бўйича бошқа бир қанча таклифлари ҳам муҳокама қилинмоқда. Улардан бири автомобилчиларга ҳафтада бир кун шаҳарда ҳаракатланишни тақиқлашдир. Чеклов автомобиль рақамига боғлиқ бўлади. Шу тариқа, давлат рақамлари 1 ва 2 билан тугайдиган автомобиллар душанба куни, 3 ва 4 — сешанба куни, 5 ва 6 — чоршанба куни, 7 ва 8 — пайшанба куни, 9 ва 0 — жума кунлари ҳаракатлана олмайди.

Яна бир қоида скутер ҳайдовчиларига таалуқли бўлади, улар шаҳар инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашга мажбур бўлиши мумкин. «Улар ҳам йўлларни яхши ҳолатда ушлаб туришимиз учун пул тўлашлари керак. Буларнинг барчаси шаҳримиз равнақи учун қилинмоқда», — дея хулоса қилади Айбек Жунушалиев

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди