Россия Давлат Думаси мигрантларга доир янги қонун лойиҳасини қабул қилди

uchastkovyy.ru сайти фотосурати

23 июль куни Давлат Думаси иккинчи ва учинчи ўқишда чет эл фуқароларининг Россияда бўлишига доир қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Қонун лойиҳасида Россияда қонуний яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган чет элликларни «чиқариб юбориш режими» жорий этилган. Бу Россия Федерациясида вақтинча бўлиш муддати ёки миграция ҳужжатлари, вақтинчалик яшаш ёки доимий яшаш рухсатномаларининг бекор қилиниши ёки ҳуқуқбузарлик содир этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Мазкур режим моҳияти чет эл фуқаросининг Россия Федерациясида ноқонуний яшаётганида муайян ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятини чеклаш, шунингдек, унга нисбатан Россияда яшаш жойини назорат қилиш бўйича қўлланиладиган чораларни сезиларли даражада кенгайтиришдан иборат бўлиб, бу пировардида янги ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш ва мигрантнинг Россия Федерациясидан сўзсиз чиқиб кетишини таъминлашга қаратилган»,дейилади қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида.

Чет эл фуқаросига нисбатан мазкур режим унинг маълумотлари назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилган кундан бошлаб қўлланилади, шундан сўнг мигрантнинг бир қатор ҳуқуқ ва эркинликлари чекланади. Масалан, унга қуйидагилар тақиқланади:

👉 кўчмас мулк ва автомобиллар сотиб олиш;

👉 ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонларини топшириш ва транспорт воситасини бошқариш;

👉 банк ҳисобварағини очиш ва бошқа банк операцияларини амалга ошириш, ойига 30 минг рублдан кўп бўлмаган пул ўтказмалари бундан мустасно ;

👉 юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш;

👉 турмуш қуриш;

👉 маҳаллий ҳокимият рухсатисиз РФда яшаш жойини ўзгартириш ва бошқалар.

«Бу бизга сохта ва фирибгарлик йўли билан легаллашув схемаларини четлаб ўтиш имконини беради. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг қонунбузарлар устидан назоратини кескинлаштиради»,деди Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин.

Назорат остидаги шахс, агар унинг Россиядан чиқиб кетишини таъминлаш учун зарур бўлса ёки у учун белгиланган қоидаларни бузган бўлса, махсус муассасага жойлаштирилиши мумкин. Махсус муассасада ушлаб туриш муддати, агар суд ваколатли органлар илтимосига биноан уни узайтирмаса, 48 соатгача бўлади.

Худди шу қонун чет элликларнинг Россияда визасиз яшаш муддатини календар йил давомида икки баробарга90 кунгача қисқартиради.

Ҳозирда улар 180 кунлик даврда жами 90 кун давомида мамлакатда қолишлари мумкин.

Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб 180 кун ўтгач кучга киради, чет элликларнинг Россияда бўлиш муддати тўғрисидаги ўзгартириш бундан мустасно — у 2025 йил 1 январдан кучга киради.

Володиннинг сўзларига кўра, миграция қонунчилигини такомиллаштириш Давлат Думаси учун устувор вазифадир.

«Ҳозирда миграция назоратини тартибга солиш, чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва фуқароликка қабул қилиш билан боғлиқ 25 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда», — деб ёзади спикер 19 июль куни ўзининг Telegram-каналида.

Володин шунингдек, қуйидаги қонун лойиҳалари кўриб чиқилиши ва қабул қилинишини маълум қилди:

▶️ Чет эл фуқаролари учун сим-карталарни сотиш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида;

▶️ ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш тўғрисида;

▶️ мигрантларга ноқонуний хизматлар кўрсатиш бўйича таклифларни ўз ичига олган интернет-ресурсларни ва миграция мақомини расмийлаштириш учун қалбаки ҳужжатлар сотилишини суддан ташқари блоклаш тўғрисида;

▶️мигрантлардан имтиҳонлар олишда воситачи ташкилотлар иштирокини тўлиқ тақиқлаш тўғрисида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ