Екатеринбургда Марказий округ ҳарбий суди Тожикистонда туғилган беш нафар фуқарони узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Улар «Толибон»* ҳаракати мафкурасига амал қилувчи террорчилик ҳамжамиятини ташкил этиш ва унда қатнашиш, метрода теракт содир этишга тайёргарлик кўрганликда айбдор деб топилди, деб ёзади «Коммерсант» суд матбуот хизматига таяниб.
Россия фуқароси Абубакр Сангчаров ва Тожикистон фуқароси Сангинмурод Мусофиров мос равишда 25 йил ва 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар ҳамжамият ташкилотчилари сифатида тан олинган. Яна уч нафар судланувчи – Анваршоҳ Авезов, Нурали Дўстов ва Шахромжон Мусофиров 350 минг рубль (4 минг долларга яқин) жарима билан 16 йилдан 18 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳамжамиятнинг барча аъзолари қамоқ жазосининг дастлабки беш йилини турмада, қолган муддатини қаттиқ тартибли колонияда ўташади.
Маҳкумлар қўйилган айбларни тан олишмаган.
Тергов маълумотларига кўра, 2021 йил май ойидан сентябригача толибларнинг Уралдаги ҳалқа аъзолари терактлар, хусусан, Екатеринбург метросида теракт ўтказишга тайёрланишган. Улар махфий учрашувлар ўтказган хонадонда қўлбола портловчи мослама учун бутловчи қисмлар топилган.
«Мусофиров, Авезов ва Дўстов қўлбола портловчи мосламани яратиш мақсадида металл, электр симлари бўлаклари, михлар ва учта тиббий шприц кўринишидаги бузғунчи элементларни қидиришган», — дейилади суд материалида.
Фитначилар 2021 йил сентябрида ҳибсга олинган, улар билан боғлиқ жиноий иш 2023 йил февралида ҳарбий судга топширилган. «Коммерсант» манбасига кўра, суд жараёнида судланувчилар Свердлов кўчасидаги хонадонда бирга яшаганликларини, бироқ теракт содир этишни режалаштирмаганини ва террорчилар ҳамжамиятига аъзо эмасликларини маълум қилишган.
«Айбланувчилар Мусофиров, Авезов ва Дўстовларнинг таъкидлашича, фуқаролик муомаласида тақиқланган буюмлар, уларнинг қўл ва кийимларидаги изларининг фош этилиши ФХХ (ФСБ) ходимлари томонидан уюштирилган», — дейилади суд материалида.
Тергов маълумотларига кўра, айбланувчилар 2021 йил 2 сентябрь куни квартирада теракт уюштириш ҳақидаги суҳбатни ҳазил деб аташган. Дўстовнинг сўзларига кўра, у бу ҳақда «полиция ходимлари йўқолган паспортини тиклашдан бош тортганидан хафа бўлиб» гапирган.
Айбланувчилар зўравонлик қўллангани сабаб, ўзларини айблашга мажбур бўлишганини айтишган.
ℹ️ Июль ойи бошида Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтказилган матбуот анжуманида Россия президенти Владимир Путин «Толибон» ҳаракатини Россия Федерациясининг терроризмга қарши курашдаги иттифоқчиси деб атаганди.
«Биз «Толибон» мамлакатда ҳокимиятни назорат қилаётганидан келиб чиқишимиз керак. Шу маънода, турган гап, толиблар терроризмга қарши курашда биз учун иттифоқчидир. Чунки ҳар қандай амалдаги ҳукумат ўзи бошқараётган давлатда барқарорлик ҳукм суришидан манфаатдордир», — деган Путин.
Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил ёзида қўлга киритган эди. Россияда бу ҳаракат 2003 йили террорчи деб тан олинган. Сўнгги пайтларда «Толибон» вакиллари давлат тадбирларида иштирок этиш учун мунтазам равишда Россияга ташриф буюришмоқда. Жумладан, жорий йил май ойида улар «Россия – Ислом олами: KazanForum» халқаро иқтисодий форумида иштирок этишди. Июнь ойида улар Петербург халқаро иқтисодий форумига ташриф буюришди.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).