Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон 2035 йили футбол бўйича Осиё кубогини ўтказиш учун биргаликда ариза беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Футболиум» ТГ-каналида спорт мутахассиси Алишер Никимбаев хабар берди.
«Расман гапиришга ҳақли эмасман. Аммо тушунишимча, 2035 йил учун ҳамма нарса шундай режалаштирилмоқда. ОФКдан норасмий розилик олинган», — деб ёзади Никимбаев Осиё кубогини Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон стадионларида ўтказиш имкониятига доир берилган саволга жавобан.
Саволни берган одамнинг сўзларига кўра, турнир учун барча шарт-шароитлар мавжуд: жумладан, Бишкекда янги стадион қурилмоқда ва эскилари реконструкция қилинди. Душанбеда янги арена қурилмоқда. Ўзбекистонда ФИФА талабларига жавоб берадиган стадионлар мавжуд.
Шунингдек, йирик халқаро футбол мусобақаларини ўтказиш тажрибаси бор, масалан, Ўзбекистон U-20 ва U-23 Осиё кубогларини ўтказди. 2023 йили Қирғизистон ва Ўзбекистон биргаликда тарихда илк бор катталар CAFA Кубогини қабул қилди.
Таъкидлаш жоиз, турнир мезбонлари Осиё кубогида қатнашиш учун автоматик равишда йўлланма олишади.