Парламент депутати: Тожикистон аҳолисига йиртиқ жинси ва декольте тақиқланди

islamoriente.com сайти фотосурати

Тожикистон аҳолисига нафақат диний либослар, балки баъзи замонавий кийимлар – масалан, йиртиқ жинси шимлар, мини юбкалар ва деколтье ҳам тақиқланди. Бу ҳақда «Азия-плюс»га парламент депутати Мужибахон Жавҳарий маълум қилди.

«Кўпчилик мамлакатда фақат ҳижоб ва сатр кийиш тақиқланган, деб ҳисоблайди. Лекин бундай эмас, уларга қўшимча равишда араб давлатларидан кириб келган узун қора абаялар (кўйлаклар) ҳам тақиқланган. Европа кийимларининг айрим турлари ҳам тақиқланган — йиртиқ жинси шимлар, жуда қисқа, тор кийим ва очиқ декольте. Бу чора-тадбирларнинг барчаси ёт маданият таъсирининг олдини олишга қаратилган», — дея тушунтиради депутат.

Шу тариқа, Жавҳарий яқинда президент томонидан имзоланган «Тожикистон Республикасида байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунда ўрин олган чет эл либосларини кийиш тақиқланишига изоҳ берди. Ҳужжатда бегона кийимларнинг аниқ таърифи берилмаган. Эмомали Раҳмон нутқларидан бу диний либосларга таалуқли экани маълум бўлади.

«Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб дея аталмиш кийимларга бурканиш жамиятимиздаги долзарб муаммолардан биридир. Одоб ва кийим-кечакда бегона унсурларга юз тутиш — тафаккур мустақиллигига, миллатнинг ўзлигига путур етказувчи маданий бегоналашувдир», — деганди Раҳмон шу йилнинг март ойида.

Жавҳарийга кўра, қонуннинг мақсади «ҳар бир халқ учун муҳим бўлган миллий маданият ва қадриятларни, ўзига хослик ва ўзликни асрашдир ва булар доимийдир – бугун, эртага ва келажакда шундай бўлади».

«Биз дунёвий демократик давлатда яшаяпмиз. Биз ўтган асрларга хос кийимлар турини рағбатлантира олмаймиз. Кийим танлашда ёшларнинг диди ва истакларини ҳисобга олиш керак. Мен миллий кийимларнинг шакл-шамойили уйғунлигида замонавий либослар яратиш тарафдориман», — дейди Жавҳарий.

ℹ️ 2018 йили Тожикистон Маданият вазирлиги кийим-кечак бўйича маслаҳат қўлланмасини ишлаб чиққан. «Қизлар ва аёлларга қора кийим, қора рўмол, сатр ва ҳижоб, ярим яланғоч европача либослар, мини юбка, декольте, устки юбка, танани очиқ кўрсатувчи юпқа либослар кийиш, шунингдек, жамоат жойларида калишларда, шлёпкаларда, ички кийимларда, тунги кўйлакларда, тор шимларда ва синтетик матолардан тайёрланган кийимлар, соғлиқ учун зарарли бўлган кийимларда юриш тавсия этилмайди», — дейилади қўлланмада.

Шу йилнинг март ойида Тожикистонда миллий қадриятларни ҳисобга олган ҳолда аёллар ва эркаклар учун миллий либослар лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани хабар қилинди. Бу билан Маданият вазирлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳ шуғулланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ