Қозоғистон ва Ўзбекистон ижодкорлари илк бор «Канн ёш шерлари» танловида ғолиб бўлишди

Қозоғистон жамоаси (чапда) ва Ўзбекистон жамоаси (ўнгда) «Канн ёш шерлари» танловида. Ўзбекистондаги рекламага бағишланган PR.UZ telegram-канали фотосурати

Тарихда илк бор Қозоғистон ва Ўзбекистон жамоалари «Канн шерлари» халқаро ижод фестивали доирасида Young Lions Competitions («Канн ёш шерлари») танловида совринли ўринларни қўлга киритишди. Бу ҳақда Bandt.com сайтида хабар берилди.

Танловнинг моҳияти шундан иборатки, чекланган вақт ичида (24 дан 48 соатгача) турли мамлакатлар жамоалари «Канн шерлари» фестивали давомида ижодий маҳсулот ёки стратегия яратишлари керак. Ҳар бир жамоа 30 ёшгача бўлган иккита маркетинг бўйича мутахассисдан иборат бўлади. Танлов «Фильм», «Принт», «Дижитал», «Медиа», «Дизайн», PR ва «Маркетологлар» номинациялари бўйича ўтказилади.

Копирайтер Адела Эрмакова ва дизайнер Жарқинбек Муроддан иборат Қозоғистон жамоаси «Дижитал» номинациясида кумуш мукофотга сазовор бўлди. Иштирокчилар олдига иқлим муаммоларига қарши курашиш учун лойиҳа яратиш ва рақамли кампанияни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилганди. Қозоқлар ўзларининг лойиҳасини «Шамолдаги сўзлар» деб аташган. Ушбу номинацияда Мексиканинг «Музёрар кема ҳаракати» лойиҳаси билан ғолиб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида қозоқ ижодкорлари жамоаси D&AD New Blood фестивалида реклама ва дизайн соҳасидаги энг яхши иш учун «Ёғоч қалам» мукофотини қўлга киритган эди.

Бадиий раҳбар Фаррух Муродов ва копирайтер Маликабону Муродовадан иборат Ўзбекистон жамоаси «Дизайн» йўналишида бронза медалини қўлга киритди. Иштирокчилар олдига брендни ривожлантиришга қаратилган кайфиятлар тахтасини яратиш топширилди. Бу йил танлов америкалик режиссёр Билли Уайлдерга бағишланди. Ўзбекистонликлар ўз лойиҳасини «Билли Уайлдер – биз кўрмайдиган режиссёр» деб аташган. Биринчи ўринни «Билли Уайлдер – сурат ортидаги одам» лойиҳаси билан Буюк Британия жамоаси эгаллади. Кумуш медали Ирландия жамоасининг «Билл Уайлдер призмаси орқали» лойиҳасига насиб қилди.

Young Lions Competitions танлови 1992 йилдан бери «Канн шерлари» халқаро ижод фестивали доирасида ўтказилади. Бу вақт ичида мусобақада ўнлаб мамлакатлардан юзлаб жамоалар иштирок этишган. Танловда фақат ўз мамлакатидаги саралаш танловида ғолиб бўлган финалчилар иштирок этиши мумкин. Қозоғистонда ижодкорлар ўртасидаги танловлар 2012 йилдан, Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб ўтказиб келинади. Шунингдек, Young Lions Competitions Central Asia танлови ҳам ўтказилади.