Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация ҳукуматлари Хитой билан «бешинчи ҳаво эркинлиги» доирасида келишувга эришди

mintrans.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация ҳукуматлари Хитой авиация маъмурияти билан икки томонлама музокаралар олиб бориб, бешинчи «ҳаво эркинлиги» асосида парвозларни амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикалари транспорт вазирликлари матбуот хизматлари хабар берди. Учрашувлар Хитойнинг Сиань шаҳрида Хитой – Марказий Осиё (C5+1) фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳининг биринчи конференцияси доирасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, Хитой ташувчилари Самарқанд ва Нукус, Ўзбекистон ташувчилари эса Сиань ва Чэнду орқали йўловчи рейсларини амалга оширишда «бешинчи эркинлик» ҳуқуқини олади. Икки давлат авиакомпаниялари ушбу ҳуқуқдан учинчи давлатларга Ўзбекистон ва Хитойнинг барча манзилларига юк рейсларини амалга оширишда фойдаланишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон авиакомпаниялари Хайкоу, Санья ва Сюнхай аэропортларида «махсус очиқ осмон» режимидан фойдаланиши ва бешинчи «ҳаво эркинлиги» остида парвоз қилиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон ва ХХР авиация ҳукуматлари ўртасидаги учрашув якунлари бўйича:

👉 икки давлат ўртасида мунтазам парвозларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган авиакомпаниялар сони икки баравар кўпайди;

👉 Ўзбекистон авиакомпаниялари учун Ўзбекистоннинг барча аэропортларидан Хитойга мунтазам парвозлар амалга ошириш мумкин бўлган шаҳарлар сони 12 тага кўпайди;

👉 Хитой томонидан тайинланган авиакомпанияларга Хитойнинг исталган шаҳарларидан Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги халқаро аэропортларга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди;

👉 Тайинланган авиакомпанияларга икки давлат ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳар бир томондан ҳафтасига амалдаги 15 тадан янги келишув бўйича 50 тага ошириш, яъни икки мамлакат ўртасидаги ҳафталик мунтазам йўловчи авиақатновлари сонини жами 100 тага етказиш ҳуқуқи берилди.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги Қозоғистон авиакомпаниялари Хайнань оролидаги нуқталарга (Санья, Хайкоу ва Цюнгхай шаҳарлари) чексиз миқдорда рейсларни амалга ошириш ҳуқуқини олганини, шу жумладан бешинчи, олтинчи ва эттинчи «ҳаво эркинлиги» дан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлганини маълум қилди.

«Икки давлат ўртасидаги музокаралар натижасида илк бор «очиқ осмон» режими ўрнатилиб, ушбу режим доирасида икки давлатнинг белгиланган ташувчилари бешинчи «Ҳаво эркинлиги» даражали авиарейслардан фойдаланган ҳолда ҳафтасига 42 тагача рейсни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлдилар», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Қозоғистон ва Хитой авиация ҳукуматлари икки давлатнинг белгиланган ташувчилари рухсат берган частоталар сонини ҳафтасига 124 та рейсга кўпайтириш ва юк рейсларини нуқта ва частоталар бўйича ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширишга келишиб олдилар.

ℹ️ «Ҳаво эркинликлари» (Freedoms of the air) халқаро ҳаво ҳуқуқидаги атама бўлиб, давлатлар томонидан хорижий авиакомпанияларга ўз ҳудуди орқали йўловчилар, багаж, почта ва юкларни пуллик асосда ташиш учун берилган тижорат ҳуқуқларини белгилайди. 1944 йилдаги Халқаро ҳаво транспорти шартномасида дастлабки бешта «ҳаво эркинлиги» ни расман тан олинган, яна тўртта ИКАО (International Civil Aviation Organization) «деб аталувчи» қўшимчаси билан ишлатилади.

Бешинчи «ҳаво эркинлиги» хорижий авиакомпанияларга ўз манзилига кетаётганда учинчи давлатдан йўловчилар, юклар ва почталарни тушириш ва олиб кетиш ҳуқуқини беради. Олтинчиси учинчи давлатлар ўртасида ўз ҳудуди орқали ташиш имконини беради. Еттинчиси ўз ҳудудини четлаб ўтиб, учинчи давлатлар ўртасида одамлар ва юкларни ташиш ҳуқуқини беради.