Тожикистонда тўй ва дафн маросимларини ўтказиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори оширилди

"Азия-плюс" сайти фотосурати

Тожикистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга турли байрам ва маросимларни ўтказиш тартибига оид киритилган ўзгартиришлар кучга кирди. Кодексга ўзгартиришлар киритилгани тўғрисидаги қонун «Чумҳурият» газетасида эълон қилинди.

Ўзгартиришлар Кодекснинг 481 моддасига (Тожикистон Республикасининг урф-одат, маросимларни тартибга солувчи қонунчилиги талабларини бузиш») киритилган. Жарима ҳажмини кўсатиш учун ҳисоб-китоб миқдоридан (ҲКМ) фойдаланилган. У 1 январдан бошлаб 72 сомонини (6,7 доллар) ташкил этади.

Ўзгартиришлар қуйидаги жарималарни назарда тутади:

👉 маҳаллий назорат органларини байрам ёки тантана ўтказиш тўғрисида хабардор қилмаганлик, шунингдек, тадбирлар вақтида пул сочиш ва уни кўз-кўз қилиб тарқатганлик учун – 10 ҲКМ (720 сомони ёки 67 АҚШ доллари) миқдорида;

👉 Туғилган кун, суннат ва бола туғилиши, дафн маросимлари ва исм кунлари билан боғлиқ бошқа маросимларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жисмоний шахсларга 120 ҲКМ (8640 сомони ёки 815 АҚШ доллари, аввал 110 ҲКМ бўлган) миқдорида жарима солинади. Мансабдор шахслар 350 ҲКМ (25 200 сомони ёки 2 377 доллар) миқдорида жаримага тортилади;

👉 таклиф этилган меҳмонлар сони, байрамни ўтказиш вақти ва давомийлигига риоя қилмаганлик учун жисмоний шахслар 220 ҲКМ (15 840 сомони ёки 1 494 АҚШ доллари), мансабдор шахслар эса 550 ҲКМ (39 600 сомони ёки 3 735 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.

Мамлакат Президенти томонидан 20 июнь куни имзоланган «Анъаналар, байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларда тадбирларнинг аввал рухсат этилган давомийлиги (3 соатдан кўп бўлмаган), иштирокчилар сони (зиёфат 150 нафаргача, тўй оши 200 тагача, «домодталбон» ва «арусбинон» маросимлари (эр-хотиннинг ота-онаси уйига биринчи ташриф) — 15 кишигача. Тадбирлар 22:00 дан кечиктирмай тугаши керак.

👉 Жисмоний (ҳунармандлар) ва юридик шахслар (ресторан, кафе, ошхона ва банкет заллари) томонидан тантаналар ва маросимларни ўтказиш тартибини бузганлик учун 300 (21 600 сомони ёки 2037 АҚШ доллари) дан 1500 ҲКМ (108 минг сомони ёки 10 188 минг долларгача) жарима солинади.

Шунингдек, 481-модда умра ва ҳаж билан боғлиқ маросимларни ўтказиш тартибига риоя қилиш тўғрисидаги норма билан ҳам тўлдирилган.

👉 Зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олиш, ҳожизиёрат, ҳожиталбон (зиёратдан қайтганларни қабул қилиш), ҳожиоши, совғалар тарқатиш, зиёратчилар шарафига ҳовлилар, кўчалар ва автомашиналарни безаш тартибини бузганлик учун жисмоний шахсларга 300 ҲКМ (21 600 сомони ёки 2037 АҚШ доллари), мансабдор шахсларга — 800 ҲКМ (57 600 сомони ёки 5433 доллар) миқдорида жарима солинади.

👉 Юқорида кўрсатилган қоидабузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этганлик учун жисмоний шахсларга 1000 ҲКМ (72 минг сомони ёки 6792 АҚШ доллари), мансабдор шахсларга 1200 ҲКМ (86400 сомони ёки 8151 АҚШ доллари), юридик шахсларга эса 2500 ҲКМ (180 минг сомони ёки 17 минг доллар) миқдорида жарима солинади.

ℹ️ Тожикистонда урф-одат ва маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун 2007 йил июнь ойида кучга кирган. У байрам ва маросимларни ўтказишда аҳолини маблағни тежашга мажбурлаш мақсадида қабул қилинган. Қонун баъзи маросим тадбирларини тақиқлайди, бошқаларининг эса ўтказиш тартибини, меҳмонлар сонини ва давомийлигини чеклайди. Ушбу қонунни бузаётгани учун тожикистонликлар ҳар йили юз минглаб доллар жаримага тортилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ