Москвада 120 дан ортиқ одамни оммавий заҳарлашда айбланаётган тожикистонлик ҳибсга олинди

Карим Норматов. kommersant.ru сайти фотосурати

Замоскворецкий туман суди Тожикистон фуқароси Карим Норматовни одамларнинг оммавий заҳарланиши иши бўйича 15 августга қадар тергов изоляторига жўнатди. Бу ҳақда Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берди.

Норматов маҳсулоти 120 дан ортиқ одамнинг заҳарланишига сабаб бўлган иккита МЧЖдан бири (иккинчиси «Лоcалкитчен» компанияси) «Савон-К» компаниясида ошпаз бўлиб ишлаган. ОАВ маълумотларига кўра, Норматов Москвадан учиб кетмоқчи бўлган вақтида «Жуковский» аэропортида қўлга олинган.

«Тергов маълумотларига кўра, Норматов ва бошқа судланувчилар олдиндан тил бириктириб, хавфсизлик талабларини бузган ҳолда, камида 2336 дона «Лобио» таомини тайёрлаб, индивидуал вакуумли қадоқларга солиб, «Самокат» интернет-дўкони орқали одамларга сотган», — дейилади хабарда.

Текширув давомида Норматов «Савон-К» корхонаси раҳбари Владимир Шин кўрсатмасига биноан хавфсизлик талабларини бузган ҳолда, минимал молиявий ҳаражатлар билан ловия тайёрлаб, кейинчалик «Локалкитчен» МЧЖ омборида сақлаш учун вакуумли қадоқларга жойлаган.

«Корхона [«Савон-К»] антисанитария шароитида бўлган, ловия тайёрлаш жараёни барча талаблар ва стандартларни бузган ҳолда ташкил этилган, бу эса пировардида тайёр маҳсулотда ботулинум токсинининг кўп миқдорда тўпланишига олиб келган», — дейилади Роспотребнадзор баёнотида.

Натижада «Лобио»ни истеъмол қилган 120 дан ортиқ киши «ботулизм» ташхиси билан Москва, Москва вилояти, Нижний Новгород вилояти ва Татаристондаги шифохоналарга ётқизилган.

«Москвада 100 дан ортиқ одам овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шаҳар шифохоналарига тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Нижний Новгород вилоятида 14 киши, жумладан, вояга етмаганлар касалхонага ётқизилган. Татаристон Республикасида 10 дан ортиқ киши тиббий муассасада, улардан 8 нафари реанимацияда. Аниқланишича, уларнинг барчаси етказиб бериш хизматлари орқали озиқ-овқат маҳсулотларига буюртма беришган ва ишлаб чиқарувчиси «Локалкитчен» МЧЖ салатларини ейишган», — дейилади РФ Тергов қўмитаси хабарида.

Норматовдан ташқари Шин, «Локалкитчен» («Кухня на районе» хизмати) бош директори Антон Лозин ва ушбу компаниянинг сифат бўлими бошлиғи Елена Машкова ҳибсга олинган. Улар РФ Жиноят кодексининг 238-моддаси 2-қисмида («Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш, хизматлар кўрсатиш») назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Шин, шунингдек, РФ Жиноят кодексининг 322.1-моддаси («Ноқонуний миграцияни ташкил этиш») 2-қисми «б» банди билан ҳам айбланмоқда. Норматовга нисбатан ҳам 238-модданинг 2-қисми билан айблов эълон қилинган.

Шин, Лозин ва Машкова уй қамоғига олинган.