Тўқаев толиблар нима учун террорчилар рўйхатидан чиқарилганини тушунтириб берди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида толиблар режимини («Толибон» ҳаракати РФда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган) террорчилар рўйхатидан чиқарди. Бу ҳақда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Парламент Ассамблеяси Кенгаши йиғилишида республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди, деб хабар беради Оқўрда сайти.

«Қозоғистон замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ҳамда бу режим узоқ муддатли омил эканини англаган ҳолда толиблар режимини террорчилар рўйхатидан чиқариб ташлади», — дея хабарда Тўқаев сўзлари келтирилади.

Қозоғистон раҳбарининг фикрича, ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб этишдан иборат.

Тўқаев КХШТ давлатларининг ушбу масала бўйича келишилган позицияси муҳимлигини қайд этиб, республиканинг Олмаота шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини ташкил этиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Kursiv.kz эслатишича, Қозоғистон Олий суди 2005 йили «Толибон ҳаракати»ни террорчи деб тан олган ва унинг республика ҳудудидаги фаолияти тақиқланган. Ҳукумат 2023 йил охирида толиблар режимини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилди.

Афғонистонда уч йил аввал ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» ҳаракати КХШТга аъзо бўлган бошқа мамлакатларда – Қирғизистон, Россия ва Тожикистонда ҳам тақиқланган. Май ойи охирида Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги мамлакат президенти Владимир Путинга ушбу ҳаракат тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Ўз навбатида, Россия раҳбари бундай қарор қачон қабул қилиниши ҳақида маълумот беришдан бош тортди ва шу билан бирга, Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати билан муносабатларни ўрнатиш «зарур» эканини таъкидлади.