Кучли ёғингарчилик Тожикистоннинг бир қанча вилоятлари тоғли ва тоғолди ҳудудларида сел оқимини келтириб чиқарди. Кучли табиий офат натижасида одамлар ҳалок бўлди, деб хабар беради республика ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси (ФВҚ) матбуот хизмати.
Қўмитанинг таъкидлашича, 4—5-май кунлари кучли ёғингарчилик натижасида республика тасарруфидаги туманлар, Хатлон ва Сўғд вилоятлари, шунингдек, Тоғли Бадахшон автоном вилоятида кучли ёмғир, сел ва дарёларда сув сатҳининг кўтарилиши қайд этилган.
Варзоб тумани Чорбоғ жамоатида 40 яшар ва 67 яшар икки киши ҳалок бўлган. Аниқлик киритилишича, бу ерда шахсий томорқалар, ёрдамчи иншоотлар ва автомобиль йўли сув остида қолган. ФВҚ раҳбари Рустам Назарзода воқеа жойига ташриф буюрган. Қутқарувчилар қишлоқда оғир муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқибатларини бартараф этишмоқда. Табиий офат натижасида етказилган зарар миқдорини махсус комиссия аниқлайди.
Суғд вилоятида ҳам ҳалокатли воқеа содир бўлган. Бодомзор қишлоғида яшовчи 20 яшар тожикистонлик қизни чорва боқиб юрган вақтида сел оқизиб кетган. Кейинроқ ФВҚ ходимлари қизнинг жасадини топишган ва тегишли идораларга топширишган.
Табиий офат нафақат қишлоқларни, балки шаҳарларни, жумладан, республика пойтахтини ҳам қамраб олган. Жумладан, Сомоний ва Рудакий туманларида вазият ёмонлашгани ҳақида маълумотлар бор. Харангон ва Варзоб дарёларида сув сатҳи кўтарилиб, 50 метр қирғоқ ерларини ювиб кетгани хабар қилинган.
Асосан дала ҳовлилари зарар кўрган, аммо бошқа фавқулодда вазиятлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Шундай қилиб, Нуробод туманидаги Нуробод-Сари-Жар автомобиль йўлидаги кўприкни сел оқими бузиб ташлаган. Данғара туманида «Бохтар-Данғара» автомобиль йўлининг 1700 километри, «Данғара» эркин иқтисодий зонасининг бир қисми ва электр тармоқлари сув остида қолган.
Тоғли Бадахшонда Хоруғдан Душанбега олиб борувчи йўлга сел келган. Бироқ, айни дамда трасса тозаланиб, транспорт ҳаракати тикланган.
Қайд этилишича, Тожикистоннинг табиий офатдан жабр кўрган барча ҳудудларида қутқарув гуруҳлари мавжуд. Махсус комиссия етказилган зарар миқдорини аниқламоқда, бироқ бу иш натижалари ҳозирча маълум қилинмаган.