ИТБ ва араб фондлари Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишига 550 миллион доллар ажратади

Завқи Завқизода ва Муҳаммед Ал-Жассер. medt.tj сайти фотосурати

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) «Роғун» ГЭСи қурилишини молиялаштириш бўйича 550 миллион долларлик лойиҳани маъқуллади.

Шундан 150 миллион доллар ИТБ томонидан, қолган 400 миллион доллар араб тараққиёт фондлари томонидан ажратилади.

Тожикистон Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги раҳбари Завқи Завқизода 30 апрель куни Ар-Риёдда ИТБ гуруҳи президенти Муҳаммад Ал-Жассер билан бўлиб ўтган учрашувда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди ва миллий иқтисодиётнинг устувор тармоқларини, шу жумладан яшил энергияни ривожлантириш йўлида молиялаштиришни кўпайтиришни сўради. Вазир Гулистон – Фархор – Пянж – Дўсти йўлини қуриш, тўқимачилик корхоналарини барпо этиш, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш, ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш, савдо ва туризмни ривожлантириш ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Ал-Жассер қайд этилган йўналишлардаги лойиҳаларни молиялаштиришни кўпайтириш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

ℹ️ Тожикистон ИТБга 1996 йили аъзо бўлган. Банкнинг 2023-2026 йилларга мўлжалланган дастурида ушбу республикага устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун 235 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратиш кўзда тутилган. Жами банк Тожикистон иқтисодиётининг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 753,4 миллион доллар ажратди.

ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергия лойиҳасидир. Лойиҳа қуввати 3600 МВтни ташкил этади, олти блок йилига 13,1 миллиард кВт*соатдан ортиқ қувват ишлаб чиқаради. Электр станциясини қуриш қиймати 6 миллиард долларга баҳоланмоқда.

2023 йил декабрига қадар лойиҳа фақат давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг сўзларига кўра, 2008 йили реставрация ва қурилиш ишлари бошланганидан буён ушбу ГЭС қурилиши учун давлат бюджетидан 35 миллиард сомоний (3,19 миллиард доллар) дан ортиқ маблағ ажратилган. Шундан сўнг Душанбе Саудия тараққиёт жамғармаси билан Роғун ГЭСини якунлаш учун 375 миллион Саудия риали (100 миллион доллар) миқдорида кредит ажратилиши бўйича келишиб олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ