Россия ФВВ Орскдаги сув тошқинидан жабрланганларга ёрдам кўрсатган тожикистонликларга миннатдорчилик билдирди

Орскдаги сув тошқини. ural56.ru сайти фотомсурати

Россиянинг Оренбург вилояти Орск шаҳрида сув тошқини содир бўлган дастлабки кунлардан бошлаб Тожикистон фуқаролари одамларни хавфсиз жойларга кўчиришда ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Орск шаҳри бўйича вакили Ирина Панаистовага асосланиб Sputnik хабар беради.

«Орск ФВВ бошқармаси тожикистонлик жамоат ташкилотига мурожаат қилди ва улар бизга биринчи кунданоқ ёрдам беришмоқда. Биз тожикистонликларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», — дейди Панаистова.

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси қошидаги жамоат кенгаши раҳбари Абдуқаюм Тошовнинг аниқлик киритишича, тинч аҳолини кўчириш учун тожикистонликлар маҳаллий ҳокимиятга олтита юк машинаси, олтита 20 ўринли ва бешта бир нечта 4 ўринли енгил автомобилларни тақдим этишган.

Бундан ташқари, тожикистонликлар жабрланганлар учун инсонпарварлик ёрдами: дори-дармон, кийим-кечак ва пойабзал йиғишган. Шунингдек, хавфли ҳудуддан олиб чиқилган 500 га яқин аҳолига палов тарқатилган.

ℹ️ Оренбург вилоятида федерал характердаги фавқулодда ҳолат режими 5 апрель куни баҳорги сув тошқинлари туфайли Орскдаги тўғон бузилганидан кейин жорий қилинган. 6,1 мингдан ортиқ одам хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. 33 та вақтинчалик жойлаштириш пунктлари ишга туширилган. Оренбург вилоятидаги сув тошқини келтирган умумий зарар тахминан 21 миллиард рублни (225 миллион доллар) ташкил этади.

Оренбургнинг ўзида ҳам сув тошқинларига ҳозирлик кўрилмоқда – шаҳар мэри Сергей Салминнинг сўзларига кўра, шаҳарда мисли кўрилмаган сув тошқини юз бериши кутилмоқда.

Вилоят прокуратураси фавқулодда ҳолат гидротехника иншоотини яхши сақлаш туриш бўйича ўз вақтида чоралар кўрилмагани туфайли юзага келганини маълум қилади. Тергов қўмитаси РФ Жиноят кодексининг «Қурилиш ишларини бажаришда хавфсизлик қоидаларини бузиш» ва «Масъулиятсизлик» моддалари билан иш қўзғатган.

9 апрель ҳолатига кўра, ФВВ маълумотларига биноан Россиянинг 39 та ҳудудида деярли 10,5 минг уй сув остида қолган. Курган ва Тюмен вилоятларида фавқулодда ҳолат жорий этилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ