Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари футбол бўйича жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида муҳим очколарни қўлга киритди

Қирғизистон терма жамоаси футболчилари. Кyrgyz kurama Telegram-канали фотосурати

Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари жаҳон чемпионатининг Осиё зонасида иккинчи саралаш босқичи тўртинчи тур учрашувларини ўтказди. Ҳар икки жамоа ўзлари учун жуда муҳим очколарни қўлга киритди.

Бишкекдаги Қирғизистон терма жамоаси Тайванга қарши ўйинда унчалик муаммога дуч келмади — 5:1. Жоэл Кожо биринчи бўлимда хет-трик қайд этди. Учрашувнинг иккинчи бўлимида мезбонлар ўйин назоратини ўз қўлларида сақлай олишди. Учрашувнинг 79-дақиқасида Кристиан Браузман терма жамоа сафидаги илк ўйинида гол урган бўлса, 87-дақиқада Қирғизистон термаси дарвозасига пеналти белгиланди – Эржан Токотаев ўз жарима майдончаси ичида қўполлик ишлатганди. Ву Ен Шу пеналтини голга айлантирди. Учрашувдаги якуний очко Кими Мерк ҳисобига ёзилди, у ҳам терма жамоанинг биринчи голига муаллифлик қилди. Футбол байрами майдондан замбилда олиб кетилган Александр Мишченко ва Гулжигит Алиқуловнинг жароҳати соясида қолди.

D квартетининг параллел ўйинида Уммон терма жамоаси сафарда Малайзияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, гуруҳдаги мувозанат қуйидагича: Қирғизистон – 9 очко, Уммон – 9 очко, Малайзия – 6 очко, Тайван – 0 очко.

6 июнь куни навбатдаги турда Қирғизистон ўз майдонида Малайзия билан ўйнайди, Уммон эса Тайванга меҳмонга йўл олади.

Тожикистон терма жамоаси Душанбеда Саудия Арабистонини қабул қилди. Дастлабки ўйинда тожикистонликлар рақибларидан унчалик қолишмаган, аммо 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишган. Бу сафарги учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Учрашувни тожикистонлик футболчилар фаол бошлашди. Улар бир неча ўта хавфли вазиятлар яратишди, аммо рақиб дарвозасига зарба бера олишмади. Ўйинга ярим соат қолганида стадион чироқлари ўчди ва трибунадаги мухлислар ёруғлик шоусини уюштиришди. Электр таъминоти тезда тикланди, бироқ бир неча дақиқадан сўнг асосий марказий ҳимоячи Ваҳдат Хононов жароҳат олди, уни алмаштиришга мажбур бўлишди. Биринчи бўлим охирида саудияликлар гол уришди. Ферас Ал-Брикан гол урди. Бироқ тожиклар таслим бўлмадилар ва омадни рақиб дарвозасидан қидиришда давом этдилар. Ниҳоят, 80-дақиқада Алишер Жалилов ва Амадони Камолов иштирокидаги комбинация Рустам Соировнинг аниқ зарбаси билан якунланди ва у ҳисобни тенглаштириб, жамоасига бир очко келтирди.

Параллел G гуруҳи баҳсида Иордания Покистонни 7:0 ҳисобида мағлуб этди. Шундай қилиб, гуруҳдаги тартиб қуйидагича: Саудия Арабистони – 10 очко, Иордания – 7 очко, Тожикистон – 5 очко, Покистон – 0 очко.

Кейинги турда, 6 июнь куни Тожикистон сафарда Иорданияга қарши баҳс олиб боради, Покистон эса Саудия Арабистонини қабул қилади.

⚽️ ОФК зонасидаги ЖЧ-2026 саралаш босқичининг иккинчи саралаш раундида тўққизта гуруҳга бўлинган 36та жамоа иштирок этмоқда. Босқич давомида ҳар бир жамоа олтитадан ўйин ўтказади. Ҳар бир гуруҳдан биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар кейинги босқичга йўл олади, бу жамоалар ҳам Осиё Кубоги-2027 йўлланмасини қўлга киритади.

Жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш босқичида 18 та жамоа олтита иштирокчидан иборат учта гуруҳга бўлинади ва ҳар бир жамоа ўзаро иккитадан ўйин ўтказади. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши икки ўринни эгаллаган жамоа тўғридан-тўғри Жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олади. Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар (жами 6 та) тўртинчи босқичга йўл олади ва улар учта жамоадан иборат икки гуруҳга бўлинади. Гуруҳ ғолиблари жаҳон чемпионатига йўлланма олади, иккинчи ўринлар бешинчи босқичга йўл олади, у ерда улар ўзаро тўқнаш келади, ғолиб эса қитъалараро плей-офф ўйинида иштирок этади. Муваффақиятли бўлса, у жаҳон чемпионатида иштирок этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ