Reuters: Россия терговчилари Душанбеда «Крокус» терактига алоқадор шахсларнинг оилаларини сўроқ қилмоқда

"КРОКУС СИТИ ХОЛЛЕ"ДАГИ ТЕРАКТДА ГУМОНЛАНИБ ҚЎЛГА ОЛИНГАН ШАХСЛАР. TENGRINEWS.KZ КОЛЛАЖИ

26 март куни терговчилар Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да теракт содир этишда айбланаётган тўрт фуқаронинг қариндошларини сўроқ қилиш учун Россиядан Тожикистонга етиб келган. Бу ҳақда Reuters агентлиги Тожикистон хавфсизлик хизматларидаги манбаларига таяниб хабар беради.

Уларга кўра, Тожикистон хавфсизлик кучлари айбланувчиларнинг яқинларини Ваҳдат ва Ҳисор шаҳарлари ҳамда Рудакий туманидан Душанбега олиб келишган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тожикистон томонидан олиб борилаётган терговни шахсан назорат қилади, дея қўшимча қилади манбалар.

24 март куни Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатда Раҳмон «Крокус»даги терактни кескин қоралади ва «террорчиларнинг миллати, ватани ва дини бўлмаслигини» таъкидлади. У ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди, шунингдек, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

ℹ️ 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида «Пикник» рок гуруҳи концерти арафасида теракт содир бўлди. Камуфляжда бўлган ва қуролланган бир неча киши мажмуага кириб, одамларни ўққа тута бошлаган. Улар концерт залига кириб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Шундан сўнг жиноятчилар келган машинада қочиб кетишган. Охирги маълумотларга кўра, 139 киши теракт қурбони бўлган, улардан 40 нафари ўқ жароҳатларидан ҳалок бўлган, яна 182 киши жабрланган.

23 март куни эрталаб теракт уюштирганлар — жами 11 киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Биринчилардан бўлиб Тожикистон фуқаролари Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов ҳибсга олинган.

Теракт учун жавобгарликни «Исломий давлат»нинг Афғонистондаги бўлими* («ИШИД Хуросон», «Вилоят Хуросон», ISIS-K номи билан ҳам танилган) ўз зиммасига олди. Ушбу ташкилот Россия Федерацияси ва бошқа кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган тақиқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ