Иккинчи ёки учинчи марта ҳажга бормоқчи бўлган тожикистонликлар бунга кетадиган маблағни бошқа хайрия ишларига сарфлагани маъқул. Бу ҳақда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 9 март куни жамоатчилик фаоллари, олимлар ва дин арбоблари билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди.
Раҳмон пайғамбар Муҳаммад С.А.В фақат бир марта ҳаж зиёратига боргани, мусулмонлар учун бир марталик ҳаж фарз эканини таъкидлади. Президент такрорий ҳаж учун ажратилган маблағларни шариат асносида сарфлашнинг бир қанча вариантларини таклиф қилди:
👉 ўз оиласининг муносиб турмушини таъминлаш;
👉 болалар ва набираларнинг таълим олишига йўналтириш;
👉 мамлакатни ободонлаштириш;
👉 корхоналар, мактаблар, йўллар ва кўприклар қуриш;
👉 етимлар, уйсизлар, ногиронлар, касал ватандошлар ва кам таъминланган оилаларга кўмак бериш.
«Биз одамларимизнинг зиёрат қилишига қарши эмасмиз, лекин шуни таъкидлайманки, бу жараён хурофот, тақлид ва рақобатга айланиб кетмаслиги керак», — дея Раҳмондан иқтибос келтиради «Азия-плюс».
Президент «мамлакат мустақилликка эришгунга қадар Тожикистоннинг 5 миллион аҳолисидан йилига атиги 29 нафари ҳаж зиёратига борган», деди. Бугунги кунда бундай одамлар 250 мингдан ортиқ. Биргина 2023 йили 63 минг Тожикистон фуқароси ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширирган ва бунинг учун жами 1,2 миллиард сомонийдан (109,5 миллион доллар) ортиқ маблағ сарфлаган.
ℹ️ Учрашув Рамазон ойи арафасида бўлиб ўтди. Бу йил муқаддас ой 11 мартдан 9 апрелгача давом этади.