Тожикистон Ички ишлар вазирлиги подполковниги Акмал Юсуфзода одам ўғирлаш ва қотилликда айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм мамлакат Олий суди томонидан чиқарилди, деб хабар беради «Азия-плюс».
Юсуфзода олдиндан тил бириктириб одам ўғирлаш ва ўта шафқатсизлик билан одам ўлдиришда айбдор деб топилган. Унинг жиноятни содир этишга ёрдам берган қариндоши Исмоилжон Шукуров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шукуров адвокатларининг таъкидлашича, уларнинг ҳимоясидаги шахс ўғирлашда иштирок этаётганини билмаган, у жиноятчини ҳибсга олишда ИИВ ходимига ёрдам бераётганига ишонган.
ℹ️ Акмал Юсуфзода Тожикистон ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш департаментининг таҳлил, режалаштириш ва халқаро алоқалар бўлимига раҳбарлик қилган. Унинг рафиқаси Тожикистон давлат савдо университетида дарс берган. У ерда 38 ёшли ўқитувчи Исмоил Раҳмонов ва унинг рафиқаси ҳам ишлаган.
Бир версияга кўра, 2023 йил июнь ойида Юсуфзода ва Раҳмоновнинг рафиқалари ўртасида низо келиб чиққан ва подполковник ўқитувчини суҳбатга чақирган, шундан сўнг Раҳмонов уйга қайтмаган. Судда Юсуфзода рафиқасининг Раҳмонов билан мессенжер орқали ёзишмаларини аниқлаганини ва ўқитувчини жазолашга қарор қилганини айтган.
Жиноят иши материалларида айтилишича, Юсуфзода 2023 йил 12 июнга ўтар кечаси Шукуров ёрдамида Раҳмоновни Душанбе шаҳридан ўғирлаб, Айний туманидаги Фандарё бўйига олиб келган. Домланинг қўлларини боғлаб, дарёга улоқтирган. Прокурорнинг таъкидлашича, Юсуфзода асли сўғдлик бўлгани учун Фандарёнинг бу қисмида оқим тезлигини ва Раҳмонов омон қололмаслигини билган.
Бир неча кундан кейин Юсуфзода Тожикистон Бош прокуратураси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.