Испанияда 2023 йил августида Россиянинг Ми-8 ҳарбий вертолётини Украинага олиб қочган 28 ёшли учувчи Максим Кузьминовнинг жасади топилди. Украина ҳудудига қўнгач, экипажнинг қолган аъзолари – 35 ёшли штурман Хушбахт Турсунов ва 28 ёшли борт техник Никита Кирянов ҳалок бўлган. Кузьминов ўлимини испанларнинг Efe агентлиги терговга яқин манбалари тасдиқлаган.
«3 февраль куни Вильяхойоседаги (Аликанте) турар-жой мажмуаси гаражида отиб ўлдирилган эркак ўтган йил августида ўзи бошқараётган вертолётда Украина армиясига таслим бўлиш учун қочиб ўтган россиялик учувчи Максим Кузьминов бўлади», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, марҳум ёнида 33 ёшли украиналикка тегишли ҳужжатлар топилган, бироқ Efe манбалари ўлдирилган шахс Кузминов эканлигини таъкидлайди. Бу маълумотни Украина ҳарбий разведкаси ҳам тасдиқлаган ва Кузьминов Украинада қолишдан кўра Испанияга яшашга қарор қилганини қўшимча қилган.
ℹ️ 2023 йил 9 август куни Максим Кузьминов ўз вертолётини Курск вилоятидан Украина ҳудудига ўғирлаб учиб ўтган ва у ерда таслим бўлган. У Украина томони билан қочиш йўли ва шартларини олдиндан келишиб олган. Кузьминов етказиб берилган вертолёт учун 500 минг доллар олади ва унинг режасидан билмаган ва таслим бўлишдан бош тортган экипажнинг икки аъзоси ҳалок бўлган. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг учувчиларнинг жасадлари Россия томонига топширилган.
ℹ️ Хушбахт Турсунов — Сизрань олий ҳарбий авиация уқув даргоҳини (СВВАУЛ) битирган. Ўқишдан сўнг Тожикистонга қайтиб келган ва у ерда бир неча йил Миллий гвардиянинг вертолёт бўлинмасида хизмат қилган. Аммо унга хизмат қилиш шартлари ёқмайди ва 2015 йили у Россияга кўчиб ўтади. Бу ерда у дастлаб қўриқчи бўлиб ишлайди, бироқ Россия фуқаролигини олгандан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги билан беш йиллик шартнома имзолаб, ҳарбий хизматга ўтади. 2022 йил февралгача Турсунов Черниговка (Приморск ўлкаси) вертолёт полкида хизмат қилган, кейин унинг бўлинмаси Курск вилоятига, Украина чегарасига ўтказилган.
Хушбахт Турсунов вафотидан сўнг «Жасорат» ордени билан тақдирланган.