Фирдавс Абдухолиқов Мақсуд Шайхзода ҳақида ўзбек-озарбайжон фильми суратга олинишини маълум қилди

Фирдавс Абдуҳолиқов ва Орхан Фикретўғлу. Ташкилотчилар матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов Озарбайжон ва Ўзбекистон киностудиялари томонидан озарбайжон ва ўзбек ёзувчиси, таржимон ва шоир Мақсуд Шайхзода ҳақида ҳамкорликда янги фильм суратга олинишини маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Абдухолиқов янги лойиҳа ҳақида Бокудаги Ҳайдар Алиев марказида бўлиб ўтган Озарбайжонда «Ўзбекистон фан ва маданияти» кунларининг очилиш маросимида маълум қилди.

«Ўтган йили Ўзбекистон Кинематография агентлиги хорижий давлатлар билан қатор меморандумлар имзолаган бўлса, 2024 йил Озарбайжон Кинематография агентлиги билан «Мақсуд Шайхзода» фильмини яратиш бўйича меморандум имзолангани билан нишонланди. Ишонамизки, ушбу киномаҳсулотлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари қалбидан жой олади ва халқларимиз ўртасидаги умумий маданий алоқалаирни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади», — деди Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори.

Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, Мақсуд Шайхзода ҳақидаги фильм Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суратга олиниши режалаштирилган 50 та тарихий кинолентадан иборат «Тирик тарих» лойиҳаси доирасидаги фильм бўлади.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон кинематография агентликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатни Фирдавс Абдухолиқов ва унинг озарбайжонлик ҳамкасби Орхан Фикретўғлу имзолади.

Мақсуд Шайхзода — совет, озарбайжон ва ўзбек ёзувчиси, шоири, драматург, адабиётшунос ва тилшунос. Жаҳон адабиётининг ўнлаб машҳур классик асарларини ўзбек тилига таржима қилган.