Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича Осиё кубоги плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди

Ўзбек футболчилари. the-afc.com сайти фотосурати

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2023 йили Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг иккинчи турида Ҳиндистон терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва мусобақанинг 1/8 финалига йўлланмани қўлга киритди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец биринчи турда Сурия билан дурангдан сўнг маълум бир хулосага келди. Жумладан, ҳиндлар билан ўйинда Аббос Файзуллаев, Игорь Сергеев ва Шерзод Насруллаевлар илк дақиқаларданоқ майдонга тушишди. Улар якунда гол уришди.

4-дақиқадаёқ Файзуллаев ҳисобни очди. Орадан чорак соат ўтиб Сергеев дублга эришди ва биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда Насруллаев ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди. Иккинчи бўлимда ўзбекистонликлар энергия тежовчи режимда ўйнашди ва ҳиндларнинг ҳеч бўлмаганда битта гол уришга бўлган барча уринишлари бесамар кетди.

D гуруҳидаги яна бир учрашувда Австралия Сурияни мағлуб этди – 1:0.

Икки турдан кейин В гуруҳидаги вазият қуйидагича: Австралия – 6 очко, Ўзбекистон – 4 очко, Сурия – 1 очко, Ҳиндистон – 0 очко.

Шу тариқа, Австралия ва Ўзбекистон терма жамоалари Осиё Кубогининг плей-офф босқичига йўлланмани кафолатлади ва сўнгги турда, 23 январь куни бу жамоалар ўзаро учрашувда гуруҳда биринчи ўрин учун кураш олиб боради.

Бунгача 2-тур учрашувини Тожикистон терма жамоаси ўтказганди. Тожикистон терма жамоаси Қатар терма жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашув давомида 81-дақиқада Тожикистон терма жамоаси футболчиси Амадони Камолов майдондан четлатилди.

Параллел А гуруҳи ўйинида Хитой ва Ливан терма жамоалари 0:0 ҳисобида дуранг ўйнашди.

Икки турдан сўнг А гуруҳидаги вазият қуйидагича: Қатар – 6 очко, Хитой – 2 очко, Тожикистон – 1 очко, Ливан – 1 очко.

Сўнгги турда 22 январь куни Тожикистон Ливан билан, Қатар эса Хитой билан баҳс олиб боради.

Қирғизистон терма жамоаси иккинчи тур учрашувини 21 январь куни Саудия Арабистонига қарши ўтказади.