Ўзбекистон президенти ҳар йили экспорт ҳажмини 30 фоизга ошириш зарурлигини таъкидлади

stat.uz сайти иллюстрацияси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республика иқтисодиётини янги босқичга кўтариш учун экспорт ҳажмини ҳар йили камида 30 фоизга ошириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари 18 январь куни тегишли мутасаддилар иштирокидаги йиғилишда гапириб ўтди, дея хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари инвестиция ва экспорт соҳасидаги қатор жиддий камчиликларга эътибор қаратди. Унга кўра, 2023 йили 2 та драйвер тармоқ ва 4 та ҳудудда 2022 йилга нисбатан экспорт ҳажмлари камайган. Экспортнинг ярми тўртта асосий бозорга тўғри келади ва маҳсулотларнинг учдан бир қисми хомашё сифатида сотилади, дея қўшимча қилди президент.

Ўзбекистон «GSP+» тизимига қўшилиб, Европага 6 минг 200 турдаги товарларни божсиз олиб кириш имкониятига эга бўлса-да, ўтган йили бу тизим доирасида бор-йўғи 384 турдаги товарлар экспорт қилинган. Мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, бундан тўлиқ фойдаланилмаган.

Шу муносабат билан таркибий ўзгаришлар режалаштирилган. Ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлигига янги салоҳиятли бозорларни топиш ва экспорт маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш вазифаси юклатилган. Чегара орқали товарлар, жумладан, мева-сабзавотларни олиб ўтишни назорат қилиш функциялари эса тўлиқ Божхона қўмитасига ўтказилади.

Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида ҳам халқаро сертификатларни жорий этиш даражаси 35 фоизга етмаётгани боис, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолияти бевосита ҳукумат томонидан назорат қилиниши белгиланди.

Мирзиёев таъкидлаганидек, давлат экспорт кредитлари учун 200 миллион доллар ва ўз маҳсулотларини хорижга етказиб берувчи алоҳида корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун яна 800 миллиард сўм (64 миллион доллардан ортиқ) ажратган. Аммо бу маблағлар ҳар доим ҳам қўшимча қийматли товарларни чиқаришга олиб келмаяпти. Шу боис, ислоҳотлар режалаштирилган: Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги Жаҳон савдо ташкилоти талабларига жавоб берадиган савдони ривожлантириш компаниясига айлантирилади. Ушбу тузилма янги рейтинг асосида тадбиркорлик субсидиялари ва бошқа молиявий ёрдамларни тақдим этади. Бу маблағлар биринчи навбатда ташқи бозорга юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар етказиб берувчи корхоналарга жўнатилади.

Бундан олдин Мирзиёев экспорт ва сармоя жалб қилиш учун масъул амалдорларни кескин танқид қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Хусусан, инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Саттаров тизимдаги камчиликлар ва ишдаги сустлик учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев огоҳлантириш олган – чорак якунига қадар вазиятни тўғирламаса, у ҳам ўз лавозимини йўқотади.