2024 йил 1 январдан Тожикистонда ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари, прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг расмий маошлари 40 фоизга ошди. Тегишли фармонни мамлакат президенти Эмомали Раҳмон имзолади.
Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий унвонлари ва ички ишлар органлари ходимларининг махсус унвонлари учун коэффициентларни ҳисоблаш учун базавий иш ҳақи оддий ҳарбий унвондан лейтенантгача 1390 сомоний (127 АҚШ доллари), катта лейтенантдан армия генералигача — 1250 сомоний (114 доллар) этиб белгиланган.
Худди шу фармон билан ҳарбий тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги давлат хизматчиларининг базавий маошлари оширилган. Давлат хизматининг биринчи тоифасидан тўртинчи ва олий тоифаларига эга бўлганлар учун базавий иш ҳақи 1250 сомоний, бешинчи тоифадан еттинчи тоифадаги маъмурий лавозимлар учун эса 1390 сомоний миқдорида белгиланган.
Ҳукумат жорий йил 1 июлидан бошлаб бошқа давлат хизматчиларининг маошларини, шунингдек, стипендия ва пенсияларни оширади. Давлат хизматининг маъмурий ходимлари базавий маоши олий тоифадаги лавозимлар учун 1120 сомоний ($102), биринчи тоифадан тўртинчи тоифадаги лавозимлар учун 1045 сомоний (95 доллар) ва бешинчидан еттинчи тоифадагилар учун 1160 сомоний (106 доллар) бўлади. Тиббиёт ходимлари учун базавий иш ҳақи 620 сомоний (56,6 доллар) этиб белгиланади.
1 июлдан мамлакатда энг кам иш ҳақи 800 сомонийга (73 доллар) ошади.
Суғурта, меҳнат ва ижтимоий пенсиялар, шунингдек уларга бериладиган мукофотлар белгиланган миқдорнинг 30 фоизига оширилади.
ℹ️ Ўтган йили ҳам Тожикистон ҳукумати маошларни индексация қилган эди. Март ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийларнинг маоши 25 фоизга, давлат хизматчиларининг маоши эса 20 фоизга оширилганди. Июль ойидан бошлаб таълим ва соғлиқни сақлаш ходимларининг иш ҳақи 20 фоизга оширилди.