«Помир» афсонаси Вазген Манасян вафот этди

Вазген Манасян. fft.tj сайти фотосурати

Тожик футболи фахрийси, «Помир» афсонаси, Тошкентнинг «Локомотив» клуби ва Тожикистон терма жамоаси собиқ мураббийи Вазген Манасян 9 январга ўтар кечаси 66 ёшида вафот этди.

Вазген Игнатович сўнгги бир неча йил давомида саратон касаллиги билан курашиб, кимётерапия курсларини ўтаган. Тожикистон футбол федерацияси ажойиб спортчи вафот этгани ҳақида хабар берди.

Вазген Манасян 1980 йилдан 1992 йилгача Душанбенинг «Помир» жамоасида ўйнаган. У клуб сафида 425 та ўйин ўтказиб, 123 та гол урган ва бу мамлакат тарихидаги энг яхши тўпурарлик ютуқларидан бири ҳисобланади. 1992 йили у Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубига ўтади, аммо янги жамоада ўз ўрнини топа олмайди ва Украинанинг «Ворскла» жамоасига йўл олади ва у ерда 1995 йилгача ўйнайди. У футболчилик фаолиятини Обнинскнинг «Индустрия» клубида якунлайди. Тожикистон терма жамоасида битта ўйин ўтказган.

2003 йили мураббийлик фаолиятини бошлаган. Манасян Россия ва Украина қуйи лигалари клублари, жумладан, Днепродзержинскнинг (ҳозирги Каменское) «Сталь» клуби билан ишлаган. 2011 йили Тошкентнинг «Локомотив» тизимига таклиф қилиниб, 2019 йилгача мураббийлик лавозимларида ишлаган. 2013-2015 йиллари Тожикистон терма жамоасида бош мураббий ёрдамчиси бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ