Европага ноқонуний ўтишга уринганликда айбланган афғон журналисти Россиядан депортация қилиниши мумкин

Кобра Ҳассаний. MR7.ru сайти фотосурати

Санкт-Петербургнинг Кировский туман суди 17 октабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда афғонистонлик журналист ва телебошловчи Кобра Ҳассанийга Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик ишида айблов эълон қилди. Бу ҳақда MR7.ru нашри хабар берди.

Суд ишида бир беларуслик ва 13 нафар афғон фуқароси, жумладан, Ҳассани ҳам иштирок этмоқда. Тергов маълумотларига кўра, афғонлар Россия Федерациясидан Европа Иттифоқига ўтмоқчи бўлган, беларуслик Александр Матсулевич эса уларнинг ноқонуний ўтишини ташкил этишга ваъда берган. Бунинг учун афғонлар унга 3000 доллар беришлари керак бўлган, шундан 500 доллар — дарҳол, қолганини операция тугагандан кейин.

Мацулевич Санкт-Петербургнинг Катта портидаги ФХХ (ФСБ) чегара хизмати бошлиғига пора бериб, бир гуруҳ афғонларни денгиз юк кемасида яширинча Европага олиб ўтишни мақсад қилган. Бироқ, ФХХ чегара хизмати барча иштирокчиларни порт яқинидаги автотураргоҳда ҳибсга олган. Уларга Россияга ноқонуний кириш ва Россиядан Европага ноқонуний чиқиб кетишга уриниш айблари қўйилган.

Агар Ҳассаний айбдор деб топилса, уни олти йилгача қамоқ жазоси ва ватанига депортация қилиниши хавфи кутмоқда. Афғон аёлининг сўзларига кўра, уни ватанида ўлдиришлари мумкин.

ℹ️ 10 октябрь куни Кобра Хассаний 27 ёшга тўлган. MR7.ru нашри қизнинг ижтимоий тармоқлардаги постларига таяниб, унинг Эронда туғилгани, болалигида оиласи билан Афғонистонга кўчиб ўтгани ҳақида хабар берган. Аёл Афғонистон телеканалларида ишлаган ва ижтимоий ва сиёсий мавзуларга масъул бўлган. У Кобулда ресторан очган, унинг ўзига хос хусусияти бу ерда жуда кўп китоблар бўлган: бу ерда яхши адабиётларни олиб кетиш ва қолдириш мумкин бўлган. Ҳассаний «Толибон»* ҳаракатларига қарши чиққан ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

Кобра Ҳассаний телебошловчи бўлиб ишлаган пайт. MR7.ru сайти фотосурати

2021 йил август ойида толиблар ҳокимиятга келганидан кейин Кобра Ҳассанийнинг ота-онаси қамоққа ташланган ва қиз Афғонистондан қочиб кетган. У Украинада Киев давлат университетининг иқтисод факультетига ўқишга кирган – у ерда инглиз тилида ўқиш имконияти бўлган.

Россия ҳукумати Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) ўтказилишини эълон қилганидан сўнг, Ҳассаний Европага кетишга қарор қилади. Мацулевич билан боғлиқ бўлган шахс афғон аёлига қонуний равишда Польшага ўтказиб қўйишни ваъда қилади, у ердан аёл Германияга кетишни режалаштирган. Бир гуруҳ одамлар билан биргаликда Кобрани айланма йўл, ўрмонлар орқали олиб кетишган. Ҳассаний рус тилини билмайди ва нима бўлаётганини тушунмаган. Улар аввал Москвага, кейин эса Санкт-Петербургга олиб кетилган ва май ойининг охирида ҳибсга олинган. Кобра Ҳассаний «Арсеналка»даги 5-тергов ҳибсхонасига жўнатилган. Аёлнинг ўз адвокатларига маълум қилишича, у ерда шароит ёмонлигидан ташқари, камерадошларининг зўравонлигига чидашга мажбур бўлган.

Жорий йилнинг 24 май куни Кировский туман суди қизни Россияга кириш қоидаларини бузганликда айбдор деб топади ва 5 минг рубль миқдорида маъмурий жарима тўлаганидан кейин уни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилади.

«Суд мажлисида Ҳассаний К. маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбига иқрор бўлиб, 2022 йил апрель ойида РФ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганини ва миграция картасини расмийлаштирмаганини айтган. У Украина ҳудудидан Польшага боришни хоҳлаган ва Украинада такси ҳайдовчиси билан уни Польшага олиб боришига келишиб олган. Ҳайдовчи эса уни Россияга олиб келган. Аёл чегарани қандай кесиб ўтганини тушунтириб бера олмади», — дейилади суд қарорида.

Худди шу қарор билан Ҳассаний Красное Селодаги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига ўтказилган.

Афғонистонлик журналистнинг адвокатлари унинг айбсизлигини, озод этилишини айтиб, Россияда унга расмий мақом берилиши зарурлигини таъкидлашмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).