Афғонистон ғарбида бир ҳафта ичида иккинчи бор кучли зилзила содир бўлди

7 октябрда юз берган зилзила оқибатлари. TOLOnews сайти фотосурати

11 октабрь куни эрталаб Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридан (худди шу номдаги вилоят маъмурий маркази) тахминан 27 км жануби-шарқда 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Ariana News телеканали АҚШ Геология хизматига таяниб хабар берди.

Ҳозиргача бир киши ҳалок бўлгани маълум, 50 нафари жароҳатланган, улар вилоят шифохонасига етказилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалги 6,3 магнитудали зилзила Ҳирот вилоятида 7 октябрь куни содир бўлган эди. Охирги маълумотларга кўра, катаклизм натижасида 2,4 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, камида 2 минг киши турли даражадаги оғирликдаги жароҳатлар олган. Айни пайтда вайрон бўлган аҳоли пунктларида вайроналарни тозалаш ишлари давом этмоқда.

10 октабрь куни Ўзбекистон Афғонистонга зилзила қурбонлари учун 100 тонна гуманитар ёрдам жўнатгани маълум бўлди. Юк таркибида ун, буғдой, сариёғ, гўшт маҳсулотлари, макарон, гуруч, шакар бўлган. Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари кўрпа-тўшак ва чодирлар, зарур биринчи тиббий ёрдам воситалари ҳам мавжуд.

Қозоғистон ва Туркманистон ҳам Афғонистоннинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларига гуманитар ёрдам жўнатган. Қозоғистон салкам 1700 тонна озиқ-овқат, чодир, кўрпа-тўшак ва кийим-кечак етказиб берган. Туркманистон расмийлари, биринчи навбатда, афғон болалари учун дори-дармон ва биринчи тиббий ёрдам воситалари, тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўз ичига олган инсонпарварлик ёрдами юборилгани ҳақида хабар беришди.