Москва суди Россиянинг Кобулдаги элчихонаси ёнида ўзини портлатган ўзбекистонлик устидан ҳукм чиқарди

Қобулдаги Россия элчихонаси. РИА Новости фотосурати

Москва шаҳридаги Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди 2022 йил 5 сентябрь куни Россиянинг Кобулдаги элчихонаси биносининг консуллик бўлимига кираверишда худкушликни амалга оширган Ўзбекистон фуқароси Хусанжон Осимийни террорчилик актини содир этишда айбдор деб топган. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Осимийнинг яқин қариндошлари унинг вафоти муносабати билан ишни тугатишга рози бўлмагани боис Россия қонунчилигига кўра, суд унинг жиноий ишини кўриб чиққан.

«Суд Осимий «Ислом давлат»* халқаро террорчилик ташкилоти мафкурасини қўллаб-қувватлаганини аниқлаган. 2022 йил 5 сентябрдан олдин у ушбу ташкилотнинг Афғонистондаги бўлинмаси таркибида бўлган. 2022 йил 5 сентябрь куни Кобулда Осимий Россия элчихонаси биносининг консуллик бўлимига кираверишда портловчи мослама ёрдамида ўзини портлатиб юборган», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, теракт оқибатида элчихонада ишлаган икки нафар Россия фуқароси ҳалок бўлган эди. Қурбонлар элчихонанинг иккинчи котиби Михаил Шоҳ ва хавфсизлик хизмати ходими Адигжи Кужугет бўлган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, Осимийнинг қилмишлари Россия Жиноят кодексининг 205.5 («Террорчи ташкилот фаолиятида иштирок этиш») ва 361 («Халқаро терроризм актини содир этиш») моддалари билан квалификацияланган.

«Суд томонидан Осимий унга қўйилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган. Унинг вафоти муносабати билан жиноят иши тўхтатилди», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилот Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).