Москва кассация суди беш ёшли тожик қизалоғининг қотилига берилган жазони ўзгартирди

Александр Семин суддаги панжара ортида.asiaplustj.info сайти фотосурати

Москвадаги кассация суди Александр Семинга нисбатан илгари чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, умрбод қамоқ жазосини тайинлади. Шу йилнинг март ойида россиялик 2018 йили Серпуховда беш ёшли тожикистонлик Хувайдо Тиллазоданинг ўлдирилишида айбланиб, 24 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Бу ҳақда «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) хабар беради.

Жабрланувчи томон адвокати Шавкатжон Умаровнинг аниқлик киритишича, кассация комиссиясининг ҳукми 13 сентябрь куни эълон қилинган. Унинг қайд этишича, март ойида биринчи ҳукм чиқарилганидан кейин ўлдирилган қизнинг ота-онаси жиноятчига нисбатан қаттиқроқ жазо тайинлашларини талаб қила бошлаган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, тожикистонликлар позициясини давлат айбловчиси қўллаб-қувватлаган ва у ҳам Семинга умрбод қамоқ жазоси берилишини талаб қилган. Бироқ, Семиннинг ҳимоячиси суддан мижозини тўлиқ оқлашларини сўраган.

Россия қонунчилигига кўра, иккинчи инстанция судининг ҳукми эълон қилинганидан кейин кучга киради. Аммо маҳкум олти ой ичида қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Умаровнинг таъкидлашича, Семин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан сўнг дарҳол ўз эътирозини билдирган.

Марҳум қизалоқнинг отаси Абдусалом Саидов, ўз навбатида, журналистларга кассация судининг қароридан мамнун эканини айтиб, сўнгги беш йил давомида унинг оиласини қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирган.

ℹ️ Беш ёшли қизалоқ Хувайдо 2018 йил 22 июль куни оиласи яшаган Серпуховдаги уй ҳовлисидан ғойиб бўлиб қолган. Эртаси куни қизнинг жасади темир йўл вокзали яқинида спорт сумкасида топилган. Қотилликни содир этишда гумон қилиниб, Хувайдо оиласи билан бир уйда яшаган 28 ёшли Александр Семин қўлга олинган. Эркакнинг квартирасида қизалоқнинг оёқ кийими ва бармоқ излари топилган.

Семин «Одам ўғирлаш», «Қотиллик», «Зўрлаш» ва «Жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари» моддалари бўйича айбланган. Эркак қўлга олинганидан кейин маълум бўлишича, маҳаллий аҳоли бундан олдин болаларни таъқиб қилишга урингани учун унинг устидан шикоят қилган, бироқ милицияси ходими бу воқеаларни текширишдан бош тортиб, суҳбат ўтказиш билан чекланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ