Тожикистонда 27 август куни юз берган тоғ кўчкиси қурбонлари орасида бадиий гимнастика бўйича республикада хизмат кўрсатган мураббий Тамара Ажиджемил ва унинг ўғли, бокс бўйича спорт устаси ҳам бор бўлган. Бу ҳақда камондан ўқ узиш бўйича Олимпиада совриндори Зебинисо Рустамовага асосланиб Sports.tj хабар беради.
«Уларнинг Ромитдаги Семиганчда дачаси бор эди. Она бола у ерга боришган. Буни гапириш нақадар оғир. Мен уни яқинда кўргандим. Уларни Ҳудо раҳматига олган бўлсин», — дейди Рустамова бўлиб ўтган воқеани изоҳларкан.
Тожикистоннинг бошқа спортчилари ва спорт мулозимлари ҳам ҳамдардлик билдирганлар.
Тамара Ажиджемил Тожикистонда бадиий гимнастика ривожига катта ҳисса қўшган инсон. 1976 йилдан буён СДУШОРда мураббий сифатида ишлай бошлаган. Амалда биргина қуруқ иштиёқ билан у 90 йиллари, мамлакат учун оғир йиллари шогиртлари билан машқ қилишни давом эттирган ва бу билан Тожикистонда гимнастика спортини сақлаб қолган. 1996 йилдан бадиий гимнастика бўйича олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар мактаби директори ва айни пайтда катта мураббий-ўқитувчи эди. Унинг бир неча авлод шогирдлари Тожикистон шарафини халқаро майдонда ҳимоя қилиб келишган.
27 август куни Тожикистонда табиий офат юз берди. Сел ва кўчкилардан Душанбе, Вахдат ва Ҳисор шаҳарлари, шунингдек Рудакий, Варзоб, Деваштич, Рашт, Сангвор ва Тожикобод туманлари жиддий зарар кўрди. Жами 21 киши, жумладан болалар ҳалок бўлгани хабар қилинган.