«Ориёнбанк» раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевни ўғирлаб, ўлдиришда гумон қилинаётган Акбар Аҳмедов Душанбедаги тергов изоляторида вафот этган. Ўлим сабаби ҳибсга олинган шахс сўроқ пайтида қаттиқ қийноқларга солингани бўлиши мумкин, дея хабар беради «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб.
Аҳмедовнинг жасади 30 август куни ёпиқ тобутда қариндошларига топширилиб, улардан воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмаслик талаб қилинган. Кейин Аҳмедовни ўзи туғилиб ўсган Хўжандда яширинча дафн этишган.
Радиостанция манбаларига кўра, банкир Исматуллоевни ўғирлаб, қийноққа солган гуруҳ аъзоси бўлган Аҳмедов Россияга қочишга муваффақ бўлган. Тожикистон ҳукумати уни халқаро қидирувга берган. Август ойи бошида хавфсизлик кучлари гумонланувчининг онасини ҳибсга олган, шундан сўнг у ватанига қайтиб, ўз ихтиёри билан полицияга таслим бўлишга қарор қилган.
«Озоди»нинг ёзишича, ҳибсга олинган шахс тергов изоляторида бир неча бор қийноққа солинган, натижада вафот этган. Аҳмедов 36 ёшда, олти фарзанднинг отаси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига кўра, 23 июнь куни кечқурун Душанбенинг Закариёи Рўзи кўчасида тўрт нафар номаълум шахс Исматуллоевга ҳужум қилиб, уни куч билан машинага ўтқазишган. Ички ишлар вазирлиги молиячининг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 30 минг доллар таклиф қилган.
7 июль куни Тожикистон Бош прокуратураси Исматуллоев хавфсизлик хизмати ходими Дилшод Саидмуродов (Дилшоди С.Б.) томонидан тузилган ва камида ўн кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ қурбонига айлангани ҳақида хабар берди. Ўғирлаб кетилган кечаси молиячини автофен ва бошқа воситалар билан қийнашган, сўнг ўлдириб, жасадини Зарафшон дарёсига улоқтиришган.
Мазкур иш бўйича беш киши қўлга олинган, уюшган жиноий гуруҳнинг яна тўрт нафар аъзоси Тожикистонни тарк этишга муваффақ бўлган. Икки нафари, жумладан Саидмуродов Россияга, учинчиси Туркияга учиб кетган. Тўртинчиси Рустам Ашуров 30 июнь куни Кишинёв аэропортининг икки ходимини отиб ўлдирган, бир неча кундан сўнг эса қўлга олиш вақтида олган жароҳатлари туфайли вафот этган.
15 август куни Бош прокуратура Тожикистон шимоли-ғарбидаги Пенжикент шаҳри яқинида «Ориёнбанк» раҳбари ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевнинг жасади топилгани ҳақида хабар берди.
ℹ️ Шуҳрат Исматуллоев «Тожик Эйр» авиакомпанияси собиқ бош директори Дилшод Исматуллозоданинг укаси, шунингдек «Ориёнбанк» раҳбари Ҳасан Абдуллозодага яқин шахс, у эса ўз навбатида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг қариндоши ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, узоқ йиллар молия ташкилоти раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Исматуллоев аслида унинг раҳбари бўлган.